Технология | 20:26
1260
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг шов-шувли смартфони Хитой телефонининг тўлиқ нусхаси бўлиб чиқди

Таҳлил шуни кўрсатдики, қурилма фақат ранги ва баъзи аҳамиятсиз хусусиятлари билан фарқ қилади.

Фото: Видеодан кадр

Шов-шувли Trump T1 смартфони дастлаб ватанпарварлик, «100 фоиз АҚШ ҳудудида ишлаб чиқарилган», Apple ва Samsung қурилмалари муқобили сифатида тақдим этилган эди. Орадан бир йил ўтгач, смартфон ниҳоят биринчи эгаларига етиб борди. iFixit мутахассислари қурилмани қисмларга ажратишга ва текширишга қарор қилди.

Мутахассислар смартфонни компьютер томографидан ўтказиб, сўнгра охирги мурватигача қисмларга ажратиб, кутилганидек, эълон қилинганидан кейин ҳам тушунарли бўлган нарсани аниқладилар: T1 смартфонидаги аксарият компонентлар ва асосий техник хусусиятлар 2024 йилда чиқарилган HTC U24 Pro билан тўлиқ мос келади.

«Трампофон» HTC маҳсулотининг мутлақ нусхасига ўхшамаслиги учун унинг камера модули дизайни ва динамик панжараси ўзгартирилган, LED чироғи бироз силжитилган ва корпуси эса олтин рангга бўялган. Қолган компонентлар бир хил, жумладан Snapdragon 7 Gen 3 чипсети, 12 ГБ оператив хотира ва 512 ГБ хотира.

Бундан ташқари, муҳандислар HTC U24 Pro асосий платасини Trump Mobile Т1 корпусига ўтказишга муваффақ бўлишди - бунда қурилма HTC логотипи туширилган тизимни ишга тушириб, ишлашда давом этди.

Журналистларнинг таъкидлашича, бу ҳолат турли брендлар учун минимал дизайн ўзгаришлари билан бир хил асосий платформани ишлаб чиқарадиган умумий OEM/ODM ишлаб чиқарувчисидан фойдаланишни кўрсатади. Демак, Trump Т1 ҳам Америка қобиғидаги тўлиқ хитойлик гаджет ҳисобланади.

Аввалроқ Trump Т1 келиб чиқиши Хитойга бориб тақалиши туфайли танқид қилинган эди. Дастлаб Трамп жамоаси унинг Америкада ишлаб чиқаришига эътибор қаратди, бироқ кейинчалик бу ибора сайтдан йўқолиб, унинг ўрнига ноаниқ «American-proud design» шиори қўйилди.

T1 Phone 499 долларга баҳоланган. ОАВ маълумотларига кўра, 600 мингдан ортиқ киши смартфонга олдиндан буюртма берган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид