Жаҳон | 17:08 / 10.04.2024
9174
5 дақиқада ўқилади

Қримдаги хотирлаш акцияси ва Луҳанск областидаги «Азов» жангчилари. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 776-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • «Украинская правда» маълумотига кўра, сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасидан демобилизация тўғрисидаги модда олиб ташланган.
  • Россиялик ҳарбий мухбирлар ва Украинанинг Deep State проекти Россия Донецк областидаги Первомайске қишлоғини эгаллаб олганини хабар қилди.
  • Россия украинлар дрони Запорижжя АЭСнинг «реактор залининг тўлиқ миқёсли тренажёри»га ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Украина разведкаси Россия буни саҳналаштирганини маълум қилди.
  • Ҳуқуқ фаоллари хабар беришича, Россия ҳарбий полицияси ходимлари уруш қилишдан бош тортиб, Арманистонга кетган россияликни қўлга олган.
  • Воронеж областида дронлар авиация ўқув марказига ҳужум уюштирган. Украина нашрлари манбалари бу ҳужум Украина разведкаси амалиёти эканини хабар қилган.

Кун кадри. Қримдаги маросим

Аннексия қилинган Қримда 8 апрелдан 14 апрелга қадар Украина билан урушда ҳалок бўлган яриморолликлар хотирасига бағишланган «Сен барибир тириксан!» номли ёруғлик акцияси ўтказилмоқда. Акция Иккинчи жаҳон уруши вақтида советлар армияси яриморолни озод этиши билан якунланган Қрим юриш амалиётининг 80-йиллигига тўғри келди. Қрим парламенти биносида ҳар куни «Сен барибир тириксан!» ёзуви ҳамда Россиянинг Украинага босқини рамзи ҳисобланган Z ҳарфи ҳамда қурбонларнинг портретлари кўрсатилади.

Alexey Pavlishak / Reuters / Scanpix / LETA

Мариупол драма театри ўрнидаги қурилиш

Мариуполдаги драма театри — Россия Украинага қарши олиб бораётган уруш рамзларидан бирига айланган. 2022 йил 16 мартда Россия қўшини тинч аҳоли вакиллари бўлган юзлаб кишилар бошпана қилган театр биносига зарба берганди. Театр биноси олдидаги майдонда ҳаводан ҳам кўриниб турадиган «Дети» ёзуви акс этганди. Мариупол шаҳар кенгаши маълумотига кўра, бу зарба оқибатида қарийб 300 киши ҳалок бўлган. Associated Press агентлиги ўз ҳисобларига таяниб, қурбонлар сони 600 нафаргача етиши мумкинлигини хабар қилган. Россия мудофаа вазирлиги театрга зарба берганини рад этиб, бино «Азов» полки жангчилари томонидан портлатилганини иддао қилган. Бу версияни қўллаб-қувватловчи ҳеч қандай далил келтирилмаган.

2022 йил охирида Мариуполни эгаллаб олган россияликлар вайрон бўлган драма театрни «тиклаётгани», қолган конструкцияларни бузиб ташлагани ва шу орқали катта эҳтимол билан зарба бўйича далилларни йўқ қилаётгани маълум бўлди.

2023 йил мартида Мариуполга РФ президенти Владимир Путин ташриф буюрди. Унга вайрон бўлган драма театри ўрнидаги қурилиш майдони ҳам намойиш этилганди. РФ президентига ҳамроҳлик қилган вице-премер Марат Хуснуллин ўшанда қурилиш ишларини 2024 йил охирида тугаллаш режалаштирилганини айтганди.

EPA / Scanpix / LETA
Мариуполдаги драма театрида шикастланган ва қурум қоплаган марказий зинапоя суратлари 2022 йил мартида жаҳон нашрларида Россиянинг ушбу урушдаги ҳарбий жинояти далили сифатида эълон қилинганди
EPA / Scanpix / LETA
Драма театрни «тиклаш» лойиҳаси марказий зинапояни реставрация қилишни назарда тутади, аммо унда ҳозирча портлаш ва ёнғин излари сақланиб турибди
EPA / Scanpix / LETA

«Азов» Луҳанск областида

«Азов» 2022 йил баҳорида қарийб икки ой мобайнида Мариуполдаги «Азовстал» заводини мудофаа қилганди. Май ойи ўрталарида «Азовстал» ҳимоячилари қўмондонлик буйруғи билан завод ҳудудини тарк этади ва асир тушади. «Азов» командирлари Туркияга юборилади, улар ушбу мамлакатда уруш охиригача қолиши тахмин қилинганди, аммо 2023 йил июлда улар Украинага қайтишга муваффақ бўлади — уларни президент Володимир Зеленскийнинг шахсан ўзи ватанга олиб қайтади. Августда «Азов»ни ҳам ўз таркибига олувчи Украина миллий гвардияси «махсус топшириқли афсонавий бригада тиклангани ва Луҳанск областидаги Серебрянск ўрмонзорларида жанговар топшириқларни бажаришга киришгани» ҳақида эълон қилади.

«Азов» жангчиси Луҳанск областидаги жанглар оралиғида дам олмоқда
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
«Азов» жангчилари Россия қўшинларига гаубицадан ўт очишдан олдин снарядларга ёзмоқда. Улардан биридаги «За Харкив!» ёзуви акс этган — бу Россия шаҳарга деярли ҳар куни ракета ва дронлар билан ҳужум қилинаётганига жавоб ҳисобланади
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид