Жаҳон | 08:10 / 12.04.2024
10239
2 дақиқада ўқилади

Финлар Россия нефти туфайли «нефт вабоси» хавфидан хавотирда

Финландия чегара хизмати Болтиқ денгизи бўйлаб Россия нефтини олиб юрган эскирган танкерлар туфайли экологик фалокатдан хавотирда.

Фото: AP

Россия халқаро санкцияларга қарамай нефт сотиш учун «арвоҳ танкерлар» флотидан фойдаланишни бошлагандан кейин Болтиқ денгизида йирик нефт тўкилиши хавфи кучаймоқда. Бу ҳақда 11 апрел, пайшанба куни AFP агентлигига Финландия чегара хизматининг денгиз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Микко Симола маълум қилди

Унинг сўзларига кўра, бортида 100 минг тонна хом нефт бўлган 70 та эски услубдаги кемалар ҳар ҳафта Россиянинг турли портларида юкланганидан сўнг Финландия кўрфази орқали ўтади. Симола қўшимча қилишича, бундай танкерлар рейси сони «Россиянинг Украинага ҳужумидан олдингига нисбатан бир хил ёки ундан ҳам кўпроқ». 

Фин чегара хизмати маълумотларига кўра, танкерлар Камерун, Габон, Жибути, Палау ёки Белиз байроқлари остида ҳаракатланади. Департаментнинг таъкидлашича, бундай кемалар Болтиқ денгизи шимолий қисмида «илгари ҳеч қачон бўлмаган». Бу давлатлар шимолий муз шароитида сузишни яхши билмайди, бу эса «нефт вабоси» - нефт ёнилғиси тўкилиши туфайли кенг кўламли экологик офат хавфини оширади. 

Мутахассисларнинг фикрича, аниқ эгалик ва суғуртага эга бўлмаган эски кемалар, Украинага кенг кўламли ҳужум учун Москвага киритилган санкцияларга қарамай, Россияга йирик нефт экспортини амалга ошириш имконини беради. 

Мавзуга оид