Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида давомат билан боғлиқ ҳолатни ўрганди ҳамда ўз таҳлилларини эълон қилди

Дарс қолдириш таълим сифатига салбий таъсир кўрсатади 

Дастлаб институт яқинда эълон қилинган PISA (Programme for International Student Assessment), яъни ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур натижаларига эътибор қаратган. Унга кўра, дарсларга узоқ муддат қатнашмаслик таълим сифатига салбий таъсир қилади. 

Мисол учун, узоқ вақт давомида дарс қолдирган бошланғич синф ўқувчилари дарсларда мунтазам қатнашган тенгдошларига нисбатан математикадан ўртача 35 балл, ўрта синфдагилар (5-9-синфлар) 41 балл ва юқори синфдагилар (10-11-синфлар) 59 балл паст натижа кўрсатган. 

Қайд этилишича, таҳлил натижалари юқори синфларда давоматнинг паст бўлиши ўқувчиларнинг билим даражаси пасайишига кўпроқ таъсир қилишини исботлаган. 

Мактабларда давоматнинг пасайиш тенденцияси кетяптими? 

e-maktab маълумотларига кўра, 2022 йилда мактаблардаги ўртача давомат 83,6 фоизни ташкил этган, 2023 йилга келиб, 82,5 фоизга тушган. Қайд этилишича, давоматнинг энг паст кўрсаткичлари юқори синф, яъни 10-11-синф ўқувчилари орасида кузатилган, 78,4 фоизни ташкил этган. 

Институт уларнинг ОТМга кириш учун қўшимча дарсларга қатнаши бунинг асосий сабабларидан бири бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. МҲТИ ўтказган сўров натижаларига кўра, 16-17 ёшли фарзанди бўлган ота-оналарнинг 87 фоизи фарзанди қўшимча дарсларга қатнашини билдирган. 

Ҳудудлар бўйича давоматнинг энг паст кўрсаткичлари 57,8 фоиз билан Тошкент шаҳри, 76,9 фоиз билан Жиззах, 75,8 фоиз билан Тошкент ва 79,8 фоиз билан Фарғона вилоятларида кузатилмоқда. Энг юқори кўрсаткичлар эса 89,1 фоиз билан Бухоро, 88,3 фоиз билан Сурхондарё ва 88,2 фоиз билан Қашқадарё вилоятларида бўлган. 

Предметлар кесимида давомат масаласи кўтарилса, бошланғич синф ўқувчилари орасида энг паст кўрсаткичлар ўзбек тили ва математика фанларига тўғри келади. Ўрта синф ўқувчилари орасида ўзбек тили, информатика, адабиёт ва инглиз тили фанлари, юқори синф ўқувчилари орасида ўзбек тили, информатика, алгебра ва инглиз тили фанларида давоматнинг энг паст рақамлари қайд этилган.