Жаҳон | 09:57 / 19.04.2024
3262
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ: Украинага бу йил 42 миллиард доллар керак

ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева Киевни «доимий ва барқарор қўллаб-қувватланиши»га ишонтирди, унинг сўзларига кўра, Украинанинг 42 миллиард евролик бюджет эҳтиёжи қондирилади.

Фото: Reuters

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, Украина жорий йилда 42 миллиард доллар миқдорида бюджет ёрдамига муҳтож. «Биз бу эҳтиёжлар қондирилишига ишончимиз комил», деди ташкилот раҳбари Кристалина Георгиева 18 апрел, пайшанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган ХВЖ ва Жаҳон банкининг баҳорги йиғилишида.

«Украинага ёрдам - доимий ва барқарор»

Шу билан бирга, у украиналикларнинг Россиядан ҳимояланиш бўйича ажойиб қатъиятини таъкидлади ҳамда «Украинага ёрдам доимий ва барқарор бўлиб қолади», деб ишонтирди. Бир неча кун олдин ХВЖ раҳбарлигига иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган Георгиева Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тугатишга чақирди.

2023 йил март ойида ХВЖ Украинага 15,6 миллиард доллар (14,4 миллиард евро) миқдорида молиявий ёрдам пакетини тасдиқлади. Дастур Украина тўрт йил ичида олиши кутилаётган 115 миллиард долларлик (106 миллиард евро) каттароқ халқаро ёрдам пакетининг бир қисмидир.

Бир неча ҳафта олдин ХВЖ ижроия кенгаши Киевга Украина бюджети эҳтиёжлари учун 880 миллион доллар (812 миллион евро) миқдорида кредит транши ажратган эди. «Уруш билан боғлиқ омиллар қайта пайдо бўлаётганига қарамай, Украина иқтисодиёти 2023 йилда ажойиб барқарорликни намойиш этишда давом этди», дея маълум қилди ХВЖ. Украинага 900 миллион доллар (830 миллион евро) миқдоридаги олдинги кредит транши ХВЖ томонидан 2023 йил декабрида тасдиқланган.

Мавзуга оид