Жаҳон | 09:55
857
2 дақиқада ўқилади

Рютте: НАТО Украинага ёрдамни давом эттириши шарт

НАТО бош котиби Марк Рютте Анқарада ўтадиган алянс саммити арафасида аъзо давлатларни Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. Унинг таъкидлашича, Киев хавфсизлиги бутун НАТОнинг хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ.

Фото: Getty Images

Марк Рютте Россиянинг Украина шаҳарларига дрон ва ракета ҳужумлари давом этаётганини қоралаб, Киевга, айниқса, ҳаво мудофааси соҳасида қўшимча ёрдам зарурлигини таъкидлади.

«Украинанинг хавфсизлиги бизнинг ўз хавфсизлигимиз билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун барча иттифоқчилар мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиши керак», — деди НАТО бош котиби.

Рюттенинг маълум қилишича, АҚШнинг танқидларидан сўнг Европа давлатлари ва Канада мудофаа ҳамда хавфсизлик харажатларини сезиларли даражада оширган. Ҳозирда улар ялпи ички маҳсулотининг тахминан 4 фоизини ушбу йўналишларга сарфламоқда. Бунинг 2,5 фоизи анъанавий ҳарбий харажатларга, яна 1,5 фоизи эса инфратузилма ва бошқа хавфсизлик лойиҳаларига йўналтирилмоқда.

Унинг айтишича, 2025 йилда Европа мамлакатлари ва Канада ҳарбий харажатларни 2024 йилга нисбатан қарийб 20 фоизга оширган. Сўнгги 18 ой ичида қўшимча сарфланган маблағлар ҳажми 258 миллиард АҚШ долларига етган.

Рютте Анқара саммитида яна ўнлаб миллиард долларлик янги мудофаа шартномалари эълон қилинишини маълум қилди. Бу битимлар алянс учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар харид қилиш имконини беради.

НАТО саммити 7–8 июл кунлари Анқара шаҳрида ўтказилади. Унда алянснинг 32 аъзо давлати раҳбарлари, жумладан АҚШ президенти Доналд Трамп, Германия канцлери Фридрих Мерц ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский иштирок этиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, саммитнинг асосий мавзуларидан бири Украина учун янги кўп миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетлари ҳамда АҚШнинг НАТО олдидаги мажбуриятларини сақлаб қолиши масаласи бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид