09:40 / 20.04.2024
3520

АҚШ Минск заводи ва Хитой компанияларига қарши санкциялар киритди

АҚШ Давлат департаменти Минск ғилдиракли техникалар заводи ва учта Хитой компаниясига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Вашингтон улар Покистоннинг баллистик ракета дастурига маҳсулот етказиб берганини даъво қилмоқда.

Фото: AP

АҚШ Давлат департаменти 19 апрел, жума куни Минск ғилдиракли техникалар заводига ва Хитойнинг учта компанияси – Xi'an Longde Technology Development Company Limited, Tianjin Creative Source International Trade Co Ltd ва Granpect Co. Ltd.’га қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Вашингтон даъво қилишича, уларнинг барчаси Покистон баллистик ракета дастурлари учун ракеталарда ишлатиладиган компонентларни етказиб берган.

Хусусан, Беларус заводи Ракета технологиялари назорати режими (РТНР) I тоифасига кирувчи ракеталарни яратувчи ташкилот – Покистоннинг Миллий тараққиёт мажмуасига ракеталарни учириш учун махсус шассиларни етказиб берди, дея тушунтирди АҚШ Давлат департаменти. Гап учиш масофаси 300 км ва жанговар каллакнинг оғирлиги 500 кг бўлган ракеталар ҳақида бормоқда.

Санкциялар орасида Қўшма Штатлардаги активларни музлатиш ҳам бор 

Шу тариқа, Беларус ва Хитой компаниялари «оммавий қирғин қуроллари тарқалишини сезиларли даражада осонлаштирган ёки бундай қуроллар тарқалишини осонлаштириш хавфини туғдирадиган фаолият ёки битимларда қатнашган», дея маълум қилди Вашингтон. «Қўшма Штатлар оммавий қирғин қуролларини тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватловчи харид тармоқларини тўхтатиш учун чора кўриш орқали глобал қуролларни тарқатмаслик режимини мустаҳкамлаш тарафдори», - дейилади Давлат департаменти баёнотида. 

Жорий этилган санкциялар, хусусан, ушбу компанияларнинг Қўшма Штатлардаги барча активларини музлатиш, улар билан боғлиқ ҳар қандай операцияларни ман этиш, шунингдек, санкцияланган компанияларни молиялаштириш, уларга товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишни тақиқлашни назарда тутади. 

Top