Рамзон Қодировга тегишли бизнес-жет сентябр ойи бошидан буён уч марта Москва томон парвоз қилган. Бу миш-мишлар фонида 17 сентябр куни Рамзон Қодиров юритадиган Телеграм-каналда унинг ўзи чиққан видео эълон қилинди. Ўз чиқишида у «ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмайдиганлар»га тоза ҳавода сайр қилишни тавсия қилган. Бироқ Чеченистон раҳбари ўз саломатлиги ҳақида ҳеч нарса демаган.

Хўш, бу хабарлар қандай пайдо бўлди ва уларда асос борми?

Рамзон Қодировнинг сломатлиги кескин ёмонлашгани ҳақидаги дастлабки хабар 15 сентябрга ўтар кечаси пайдо бўлди. Чеченистоннинг мухолифатдаги NIYSO телеграм канали Қодиров гўёки комага тушиб қолганини ёзиб чиқди. Шунда Украинанинг «Обозревател» нашри чечен диаспорасидаги манбаларига таяниб, Чеченистон раҳбари бир неча кундан бери комада эканини ёзди. Нашрнинг таъкидлашича, Қодировни самолётда Москвага элтишган, бироқ пойтахтлик врачлар унга ёрдам бера олишмаган, энди уни хорижда даволаш учун олиб бориш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Кейинроқ Украина бош разведка бошқармаси вакили Андрий Юсов нашрга Чеченистон раҳбари «критик аҳволда» эканини тасдиқлаган. Юсовнинг сўзларига кўра, бундай маълумотлар тиббий ва сиёсий доиралардаги турли манбалардан келган. Тез орада чеченистонлик ҳуқуқбон ва мухолифатчи Абубакар Янгулбаев Рамзон Қодиров ўлганини эълон қилди. Бироқ, ҳеч қандай исбот келтиргани йўқ.

Шундан сўнг Қодиров ва унинг ёрдамчиси Умар Даудовнинг ижтимоий тармоқларида қисқа видео эълон қилинди. Унда Чеченистон раҳбари ўз яқинлари даврасида орқа томондан кўрсатилган. Бу кадрлар қачон ва қаерда олингани очиқланмаган, бу эса саволларни янада кўпайтирган.