Жаҳон | 22:24 / 26.04.2024
8519
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги пластик чиқиндиларнинг 24 фоизи фақат бешта компания ҳиссасига тўғри келади

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, бу натижалар пластик чиқиндилар тарқалишини назоратга олиш имкониятидан далолат беради. Уларнинг фикрига кўра, бешта корпорация билан пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқаришни тартибга солиш қоидаларини келишиб олиш имконияти кўпроқ.

Фото: Getty Images
Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи табиий муҳитни ифлослантирадиган 1,87 миллион дона пластик чиқиндини ўрганиб, катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. Улар 2018 ва 2022 йиллар оралиғида тўпланган. Чиқиндиларнинг ярмидан кўпини қайси компанияга тегишли эканини аниқлаб бўлмади. Аммо уларнинг ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлганларнинг таҳлили қизиқарли маълумот берди. 

Қайд қилинишича, бешта йирик компания барча чиқиндиларнинг 24 фоизини ишлаб чиқарган. Энг катта улуш алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи Coca-Cola ва PepsiCo компанияларига тегишли: мос равишда 11 ва 5 фоиз. Кейинги ўринларда озиқ-овқат саноати гигантлари Nestle ва Danon. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Altria компанияси юқори бешликни ёпади. 

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, бу натижалар пластик чиқиндилар тарқалишини назоратга олиш имкониятидан далолат беради. Уларнинг фикрига кўра, бешта корпорация билан пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқаришни тартибга солиш қоидаларини келишиб олиш имконияти кўпроқ. 

Иш муаллифлари, шунингдек, бренд маҳсулотларига алоқадор пластик чиқиндиларнинг ярмидан кўпи 56 та корхона томонидан ишлаб чиқарилишини аниқлади. Бу ҳам нисбатан кичик миқдор. Ҳар бир ишлаб чиқариш жойига бориб, чиқиндиларни камайтирадиган тарзда қадоқлашни ўзгартириш йўлларини муҳокама қилиш мумкин. Бунинг учун бир марта ишлатиладиган идишлардан воз кечиш, шунингдек, экологик тоза пластик турларини танлаш керак. 

Бутун дунё бўйлаб пластик чиқиндиларни тўплаган кўнгиллилар тадқиқотда катта рол ўйнагани таъкидланмоқда. Уларнинг сони 100 мингдан ортиқ бўлиб, 84 мамлакатда истиқомат қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид