Ўзбекистон | 18:28 / 30.03.2026
1721
2 дақиқада ўқилади

Табиатга етказилган зарарни компенсация қилувчи “Яшил чипта” тизими жорий этилади

Бунда самолёт, поезд, метро ва такси йўналишларида маршрутнинг карбон изини (таъсирини) аниқлаш ва фойдаланувчиларга маршрутнинг табиатга таъсирини “яшил чипта” сотиб олиш орқали компенсация қилиш имкони берилади.

Фото: Getty images

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига кўра, 3 ой муддатда “Яшил чипта” тизими жорий қилинади.

Бунда самолёт, поезд, метро ва такси йўналишларида маршрутнинг карбон изини (таъсирини) аниқлаш ва фойдаланувчиларга маршрутнинг табиатга таъсирини “яшил чипта” сотиб олиш орқали компенсация қилиш имкони берилади.

Ишлаб чиқариладиган, сақланадиган, ички ва ташқи бозорда реализация қилинадиган маҳсулотлар учун ишлаб чиқариш, сақлаш ва логистика жараёнларидаги карбон изини ҳисоблаб, харидорга маҳсулотнинг атроф-муҳитга таъсирини ихтиёрий равишда компенсация қилиш имконияти яратилади.

Карбон изи (таъсири) Экология қўмитаси томонидан тасдиқланган қўлланмага мувофиқ автоматик равишда аниқланади.

“Яшил чипта” олиш орқали табиатга етказилган зарар компенсациясидан тушган маблағлар Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармасига ўтказилади ҳамда фақат дарахт кўчатларини экиш ва уларни парваришлаш тадбирларига йўналтирилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид