Ўзбекистон | 21:01 / 08.05.2024
7162
3 дақиқада ўқилади

“Ҳозирча тайёр эмасмиз”. Вазир – ректорларни сайлаш ҳақида

Олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов Kun.uz мухбирининг ректорлар сайланиши масаласида шахсий фикрингиз қандай деган саволига шундай жавоб берди: “Ҳозир, менимча, биз тайёр эмасмиз. Вақт керак бунга. Биласизлар, бизнинг ўзимизга яраша менталитетимиз бор. Буни қачонки жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилса, шунда қилсак бўлади”.

Олий таълим муассасаларида ректорларни сайлаш режаси йўқми, бу нарса кўриб чиқилмаяптими? Kun.uz мухбири бу савол билан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга мурожаат қилди.

“Бу масала бўлган, “Ўзбекистон–2030” стратегиясига ректорларни сайлаш масаласи киритилган. Бу ҳозир муҳокамада. Ҳали бу бўйича қарор қабул қилинмади. Агар шунақа қарор қабул қилинса, албатта... Бутун халқаро стандартларда, кўпчилик давлатларда ОТМ ректорлари 5 йилга сайланади, буни кенгаш ҳал қилади”, – деб жавоб берди вазир.

У ректорларни сайлаш масаласидаги шахсий фикри сўралган саволга жавобан, “бунга вақт кераклиги”ни айтди.

“Энди, ҳозир, менимча, биз тайёр эмасмиз. Вақт керак бунга. Биласизлар, бизнинг ўзимизга яраша менталитетимиз бор. Буни қачонки жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилса, шунда қилсак бўлади”, – деди у.

Журналистнинг ректорларни сайлашнинг аниқ вақтини сўраб берган аниқлаштирувчи саволига Шарипов яна “вақт керак” деб жавоб берди.

“Шунақа ишлашимиз керакки, масалан, ўзимиз ишимизни кўнгилдагидек бажарсак, олдимизга қўйилган вазифаларни сифатли бажарсаккина тизимимиз яхшиланади. Ана шу пайтда шунга эришган кунимиз [ОТМларнинг] ўзларининг жамоатчилик кенгаши ёки илмий кенгаши бўлади, шулар томонидан [ректорлар] сайланса тўғри бўлади”, – деди олий таълим, фан ва инновациялар вазири.

Қўнғиротбой Шариповга: “Нега нодавлат ОТМларнинг юриспруденция йўналишига лицензия берилмаётгани, бунда қандайдир сунъий тўсиқ қўйилганми?” деган савол ҳам берилди. Шарипов бу ерда сунъий тўсиқ бор деган гап асоссиз эканини айтди.

“Юриспруденция йўналиши учун юқори талаб қўйилган. Бунга жавоб берадиган ОТМга Адлия вазирлиги томонидан рухсат берилади.

Ҳозир таълим сифати жуда пасайиб кетди деяпмиз-да, нега ҳаммага рухсат берилмаяпти ҳам деяпмиз. Юрист тайёрлаш – жуда мураккаб жараён. Шунинг учун талабни иш берувчи ташкилот беради. Ҳозирги пайтда ишонч йўқми, демак шунга чекланган.

Ҳозир – ўтиш даври. Шу таълим муассасасига ишонч бўлса, Адлия вазирлиги томонидан бунга рухсат берилади, деб ўйлайман”, – деди Қўнғиротбой Шарипов.

Мавзуга оид