Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда АҚШнинг Юта университети билан ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди
Ҳужжат томонлар ўртасида илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш, кон-металлургия соҳасидаги муаммоли масалаларга илмий ечимлар излаш ҳамда малакали кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш борасидаги умумий ниятлар ва ёндашувларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Тошкентда ўтган йирик халқаро инвестиция форуми доирасида 18 июн куни Америка Қўшма Штатларининг етакчи илмий-тадқиқот олийгоҳларидан бири — Юта университети (University of Utah) билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.
Имзоланган ҳужжат томонларнинг ҳамкорликка бўлган қизиқиши ва истиқболдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлари йўналишларини белгилаб берувчи ўзаро англашув меморандуми бўлиб, у даставвал ниятларни ифода этади ва кейинги аниқ лойиҳалар учун умумий асос вазифасини ўташи маълум қилинган.
Меморандумни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбой Шарипов, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ Бошқарув раиси Абдулла Хурсанов ҳамда АҚШнинг Юта университети номидан халқаро ишлар бўйича катта мутахассис Рэнди Маккриллис имзолаган.
Имзолаш маросимида Юта университетининг нуфузли профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация иштирок этди. Жумладан, делегация таркибида университетнинг Материалшунослик ва муҳандислик кафедраси ҳамда Кончилик муҳандислиги кафедраси мудирлари, шунингдек халқаро илмий ҳамкорлик масалалари бўйича масъул раҳбарлар иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар яқин келажакда бир қатор истиқболли йўналишларда биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, тажриба ва билим алмашиш ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида келишиб олишди.
Минералогия, кончилик, металлургия, материалшунослик, энергетика ва экология, автоматлаштириш, сунъий интеллект, руда ва техноген чиқиндиларни қайта ишлаш, муҳандислик соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Мазкур йўналишлар мамлакатимизнинг саноат, тоғ-кон ва металлургия тармоқлари учун айни долзарб ҳисобланади. Биргаликдаги тадқиқотлар замонавий илмий ёндашувлар ва амалий ечимларни ишлаб чиқиш, шунингдек соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш имконини беради.
«Олмалиқ КМК» АЖ учун ушбу ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга. Йирик тоғ-кон ва металлургия корхонаси сифатида комбинат малакали кончилик, металлургия, машинасозлик ва кимё муҳандисларига доимий эҳтиёж сезади. Меморандум доирасидаги ҳамкорлик корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнларидаги муаммоли масалаларни илмий асосда ҳал этишга йўналтирилган қўшма тадқиқот лойиҳалари учун замин яратади.
Томонларнинг таъкидлашича, имзоланган англашув меморандуми келгусида аниқ лойиҳалар, қўшма илмий-тадқиқот дастурлари ва кадрлар алмашинуви бўйича амалий қадамлар учун пухта асос бўлиб хизмат қилади. Ҳамкорлик доирасидаги навбатдаги қадамлар алоҳида келишувлар асосида босқичма-босқич амалга оширилади.


Мавзуга оид
21:12 / 03.04.2026
Ўзбекистон хорижий талабаларни кўпроқ жалб этмоқчи
18:29 / 10.07.2024
“Талабга жавоб бермайдиган 20 та давлат олийгоҳи ёпилади” – Қўнғиротбой Шарипов
19:00 / 09.07.2024
Вазир хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилганини маълум қилди
19:18 / 22.06.2024