“Машиналарни стикерлаш шаҳар учун фойдали эканини одамлар тушуниши лозим”: Германия тажрибаси ҳақида
Экологияси тобора ёмонлашаётган шаҳарлар учун ҳудудларни тоифага ажратиб, автомобилларни стикерлаш муаммоларни бир қадар минималлаштиради. Бунинг муҳимлиги одамларга тушунтирилиши, ҳукумат эса стикер олиш тартибини осонлаштириши керак. Германия тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, шаҳарларни тоза сақлаб қолиш учун экостикерларни қўллаш бу – энг самарали йўл, дейди Германиянинг "TÜV SÜD" компаниясининг янги технологиялар ва барқарор хизматлар бўйича директори Паскал Маст Kun.uzʼга берган интервюсида.
Ўзбекистонда автомобиллар экологияга зарари даражасидан келиб чиқиб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга бўлинади. Худди шундай, шаҳарлардаги ҳудудлар ҳам учта тоифага бўлиниб, атроф-муҳитга зарари юқори автомобилларнинг муайян зоналарга кириши чекланади.
Ҳукуматнинг шу йил 29 мартдаги "Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" қарори билан янги тартиб 1 июндан кучга киради. Германия 2008 йилдан бошлаб бир қанча шаҳарларида стикерлаш тизимини жорий қилган, ҳозирда бу тизимда ишлайиган шаҳарлари сони 40 тага етган.
Хўш, экоинқирозга юз тутаётган Тошкент шаҳри учун бу самарали ечимми? Янги тартибга оғриқсиз ўтиш учун қандай чоралар кўрилиши керак?
Kun.uz Германиянинг “TÜV SÜD Auto Service” компанияси янги технологиялар ва барқарор хизматлар бўйича директори Паскал Маст билан шулар ҳақида суҳбатлашди.
– Жаноб Маст, сизни студиямизда кўрганимиздан хурсандмиз. Дастлаб мен тизимнинг зарурлиги ҳақида сўрамоқчиман. Жаноб, Германияда экостикерлар тизимига эҳтиёж нима сабабдан юзага келганди?
– Таклифингиз ва муҳим мавзуни олиб чиққанингиз учун раҳмат. Саволга келсак, бир неча йил олдин Германия шаҳарларида ҳаво ифлосланиш даражаси анча юқори эди. Шунинг учун, айниқса, ҳаво таркибида уни ифлословчи бирикмалар, азот оксиди ва шунга ўхшаш бошқа заррачалар миқдори ортиб кетганди. Одамлар шаҳарда тоза ҳаво ва соғлом муҳит бўлиши учун нима қилиш кераклигига оид саволни ўртага ташлай бошлашди.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ томонидан ҳаво ифлосланишининг чегараси бўлиши лозимлиги аниқланди ва нима қилиш зарурлиги ўйланганда шу тизим ишлаб чиқилди.
– Ўзбекистонда бу тизим босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланди. Дастлаб Тошкент шаҳрида 2026 йилгача. Мазкур тизим Германияда қандай босқичда ва неча йилда амалга оширилган?
– Биз бу тизимни 2008 йилдан бошлаб босқичма-босқич амалга оширганмиз. Дастлаб стикерлаш жараёни пойтахт шаҳар Берлинда бошланганди. Кейин эса ҳудудлар кенгайиб, тобора кўпроқ шаҳарларни қамраб олишни бошладик. Бугунги кунга келиб уларнинг сони 40 тага етган. Ҳар йили қолган шаҳар маъмуриятлари ўзларига савол беради, биз ҳам бундай тизимни жорий этишимиз керакми ёки йўқ, деб.
Лекин умумий олганда бунга бироз вақт, бир неча йил керак бўлади. 2008 йилда бошланган тизимимиз учун жами 4 йилни сарфлаганмиз.
– Экостикер тизимини Германияда жорий этишда қандай чоралар кўрилган. Бу жараёнда жамоатчилик муносабати ўрганилганми, одамлар бу янгиликка қандай муносабат билдиришган? Ва унинг илмий асоси ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз.
– Албатта, муаммонинг сабаби ва унинг долзарблиги ҳақида аҳолига тушунтириш муҳим. Биринчи навбатда биз муаммони аниқлаб олдик, қарадик, “ҳа, ҳаво ифлосланиши юқори”, одамларга бу ҳақда маълумот бердик, шундан кейин тизим жорий этилиши бошланди. Сўрашлари мумкин, бу билан ифлосланишни 0 даражага туширса бўладими? Шубҳасиз, йўқ. Бу билан мутлақ тоза ҳавога эришиб бўлмайди, лекин жорий қилинадиган тизим буни анча минималлаштириши мумкин. Бу борада жуда кўп муҳокамалар қилдик, якуний хулосада стикерлаш тизимини йўлга қўядиган бўлдик.
Тизимнинг ишлашини тушунтирсам, Европа бу борада яхши тажрибага эга. Сиз машинангизни рўйхатдан ўтказиб, текширтирасиз. Мана шу жараёнда унинг ҳавони заҳарловчи моддалари ва ифлосланиш даражаси ўрганилади. Унга кўра, эмиссия даражаси Евро-1 стандартидан Евро-6 стандартгача баҳоланиши керак. Евро-1 бўлса, автомобилингиз жуда эскилигидан, Евро-6 эса янги эканидан дарак беради. Кейин машингангиз туридан келиб чиқиб, тақдим қилинадиган чипли стикерга қараб, транспортни ҳайдашингиз мумкин ёки мумкин эмаслиги аниқ бўлади.
Ишнинг илмий асосига келсак, бу тизим ЖССТнинг илмий тадқиқотига асосланган. Ҳаво ифлосланишига оид чегаралар қўйила бошлангач, биз биринчи галда шаҳарларда ҳаво сифатини мониторинг қиладиган қурилмаларни ўрнатишни бошладик. Ўрганишлар давомида баъзи нуқталарда бўшлиқлар ҳам юзага келди, одамларнинг бирмунча эътирози ҳам кузатилди. Аммо муаммога қарши босқичма-босқич экологик тоза ечимларни татбиқ қила олдик, соғлом зоналар яратилди.
– Германия тажрибасидан келиб чиқиб, тизимга оғриқсиз ўтиш учун Ўзбекистонга қандай юмшоқ ечимларни таклиф қилган бўлардингиз?
– Жараёнда 2 та нуқта жуда муҳим деб ўйлайман. Биринчиси, бунинг сабаби нимада экани, мақсадини аниқлаб олиш ва уни халққа етказишдир. Иккинчиси, янги тизимни татбиқ қилиш ҳамда уни мослаштириш учун бироз вақт беришдир. Янгиликни ҳеч қачон эртага амалга оширамиз дейиш керакмас. Маълум вақт давомида одамларга маълумот олиш ва муносабат билдириш имкониятини бериш зарур.
Албатта, коммуникация ва тартибни айтиб ўтдим. Юқорида сиз 2026 йилгача янги тизимга тайёр бўлиш кераклигини айтдингиз, айнан шу давр одамлар билиб олиши учун муддатдир.
– Эски автомашиналарни утилизация қилиш, уни янгисига алмаштириш қандай ўтиши керак, сизнингча?
– Бу бўйича Германия тажрибасини айтиб бера оламан. Ўша вақтларда ҳукуматимиз яқин истиқболни янги автомобилларни сотиб олишни тезлаштиришимиз керак деб кўришди. Жараёнда 2 та тизим жорий қилинди. Биринчиси: янги машина сотиб олсангиз, ё маълум миқдорда қўшимча пул оласиз, ё иккинчи йўл – шаҳарда машина учун чегирмали солиқ тўлайсиз. Шундай қилиб одамларда савол туғила бошлади: нега мен автомобилда фақат ўзим юриб, харажатга тушишим керак, шундай бўлиши мумкинми?
Шу билан биз ўйлаган тизим ишлади ва аҳоли, мен машинани фақат ўзим ҳайдашим керакми ёки йўқ, дея ғояларини бирлаштирди ва автобус, метро ёки бошқа қулай алтернативлардан фойдаланишни бошлади. Якунда турли тизимли комбинациялар самара берди.
– Ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жарималар камералар орқали бошқарилса, ҳудудларга бериладиган мақом ҳам доимий ўзгариб туриши мумкин. Шуни ҳисобга олсак, муаммоли вазиятлар кўпайиб кетмайдими?
– Биз шаҳарларимизда камералардан фойдаланмаймиз, агар машина тўхтаб турган бўлса, унинг стикерини йўл хизмати ходими текширади. Бунда зоналарнинг тоифаси тез-тез ўзгармайди, улар стабил бўлиб қолади. Одамлар ҳам қайси бири яшил ёки сариқ эканини, қайси тоифадаги стикер билан юриш мумкинлигини яхши билишади.
Агар камералардан фойдаланиш керак деб ҳисобланса, уни жуда пухта, тизимли ишлаб чиқиш керак. Тизимнинг ишлаши талабларга жавоб берса, зоналар тоифасини тез-тез ўзгартирмасликни ҳам тавсия қилган бўлар эдим.
– Бунинг назорат механизмини батафсил тушунтириб бероласизми?
– Хўп, юқорида айтганимдек, автомобил рўйхатдан ўтказилиб, текширилиб, керакли стикерга эга бўлгач, у қайси ҳудудларда ҳаракатлана олиши ҳақида маълумотлар бўлади, яъни “қизил”, “сариқ” ёки “яшил” жойларда юриш, юра олмаслик айтилади.
Айтайлик, ҳайдовчи бирор ҳудудга машинаси билан кирди, аммо унда нотўғри стикер бўлса, “парковка” қилинган вақтда полиция ходими томонидан жаримага солинади. Ҳозирги кунда бу сумма бизда 80 еврони ташкил қилади.
– Яна бир қизиқ савол: дейлик, бир киши яшил ҳудудда яшайди, лекин эски автомобил ҳайдайди. Яшил ҳудудда эски машинани ҳайдаш эса жаримага сабаб бўлади. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш керак? Германияда шундай ҳолатларга қандай ечим қилинган?
– Биз нафақат транспорт воситаларини, балки автобус ёки метроларни ҳам ҳисобга олганмиз. Албатта, одамларга чегара қўйганга яраша, қўшимча ечимларни ҳам таклиф қилиш керак. Бўлмаса, янаям каттароқ муаммолар юзага келиши мумкин.
Агарда бизда ҳайдовчи машинасини бирор ҳудудгача ҳайдаб келса ва маълум бир чегарадан бошлаб жойга кириши мумкин бўлмаса, ўша ерда автомобилни қолдириб, қолган манзилгача автобус, метро ёки бошқа транспорт воситасида етиб олишни тавсия қилганмиз. Менимча, бу бир нечта транспорт тизимларини уйғунлаштириб, тизимли ишлатишда жуда яхши ечим деб ўйлайман.
Бу – яхши тизим, чунки одамлар кўряпти: у самарали. “Шаҳримнинг ҳавоси тоза, барча одамлар бундан хурсанд. Майли, мен шаҳарда автобусдан ёки метродан фойдаланиб, автомобилдан бироз чекланаман”, дейиши мумкин. Одатда ҳар бир киши ўзи яшаётган шаҳарнинг тоза ва соғлом, дўстона эканидан хурсанд бўлади.
– Ҳудудларга қўйилган датчиклар кўрсаткичларига кўра, ҳудуд мақоми онлайн ўзгариб туриши айтиляпти. Ҳайдовчи эски автомашинада қизил ҳудудда ҳаракатланаётган эди, лекин ҳудуд мақоми ўзгариб қолди. Шунда ҳайдовчи қандай йўл тутиши керак? Ҳудудни зудлик билан тарк этадими?
– Одатда тоифа ҳақидаги бундай онлайн маълумотларни кузатиш кўпроқ ҳаракат талаб қилади. Бу зонанинг бир ёки бир неча кун ўзгариб қолиши ҳақида эмас, масалан, зона “сариқ” бўлса, фақат шу стикер билан юра олади. Агар жараёнда чегарадан ошиб кетаётгани маълум бўлса, савол берилиши керак: биз нима қила оламиз? Ва кейин транспорт воситалари сонини камайтиришга уриниш лозим, бу одамларга тушунарли бўлиши керак.
– Экологияни яхшилаш учун экостикерлар тизими билан биргаликда яна қандай амалий ишлар қилиниши керак?
– Одамлар стикерларни олишлари муҳим, шунинг учун рўйхатдан ўтиш, стикерни олиш жараёни осонлаштирилиши керак. Автомобилнинг эмиссия даражасини кўрсатувчи стикерни олгач, қайси ҳудудларга кириш, кира олмаслик аниқ бўлиши зарур. Дейлик, мен қизил стикерли транспорт воситасидан фойдаланиб, “яшил” ҳудудга ўтсам, ҳудуддан чиқаётганимда жаримани тўлашим кераклигини билишим лозим, тўловни онгли равишда амалга оширишим керак.
Янги тизим ишга тушгач, одамлар автомобилини алмаштиришга ёки жамоат транспортидан фойдаланишга мажбур бўлиши мумкин. Лекин билишсинки, бу – энг самарали йўли. Чунки тизимнинг самарадорлиги юқори. Масалан, тизимни Мюнхен, Франкфурт ёки Берлин каби катта шаҳарларда жорий қилишимиздан олдин йилига эллик кундан кўпроқ вақтда ҳудудлар ҳавоси ифлосланарди. Стикерлашни йўлга қўйганимиздан кейин бу кўрсаткич йилига 1-2 ёки уч кунга тушди. Натижада ҳавомиз атиги бир неча кунгина ифлосланадиган бўлди. Одамларга йиллар олдинги 15 кунлик ифлосланиш билан, ҳозирги икки ёки уч кунлигини кўрсатиш кифоя.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
15:13
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024