23:41 / 12.05.2024
94764

Путин Шойгуни вазирликдан олди ва бошқа ишга ўтказди

Ҳарбий идорага иқтисодчи Андрей Белоусов янги раҳбар бўлади.

Фото: Getty Images

Владимир Путин Сергей Шойгуни РФ Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимига тайинлаш тўғрисидаги фармонини имзолади.

2008 йил майидан буён ушбу лавозимни эгаллаб келган Николай Патрушев эса «бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан» лавозимдан озод этилган. Кремлдагилар Патрушевнинг янги лавозими ҳақида «яқин вақтлар ичида маълумот берилиши»ни ваъда қилган.

1994-2012 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазири, 2012 йил майидан ноябр ойига қадар Москва области раҳбари бўлган Сергей Шойгу сўнгги 12 йилга яқин вақт давомида Россия ҳарбий вазирлигини бошқариб келаётганди.

Владимир Путин мудофаа вазирлиги раҳбарлигига Андрей Белоусов номзодини таклиф этган, у РФ вазирлар маҳкамасидан истеъфога чиқарилгунича бош вазирнинг биринчи ўринбосари эди. Унинг номзоди 13-14 май кунлари Федерация кенгашида кўриб чиқилади.

Андрей Белоусов

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маҳаллий журналистлар билан мулоқотда ҳарбий идорада ўзгаришларни шарҳлар экан, Белоусовнинг тайинланиши «координаталар тизими»ни ўзгартирмаслигини айтган.

«Ҳарбий жиҳатига келсак, бу тайинлов амалдаги координаталар тизимини ҳеч қандай тарзда ўзгартирмайди, ҳарбий компонент ҳар доим бош штаб бошлиғининг ваколати бўлиб келган, у ўз фаолиятини давом эттиради, бу борада ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришлар назарда тутилмаган», — дея Кремл вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган «Интерфакс».

У шунингдек Шойгу Хавфсизлик кенгаши котиби лавозими билан бир вақтда Путиннинг Ҳарбий-саноат комиссиясидаги ўринбосари ҳисобланади ва Ҳарбий-техник таъминот бўйича федерал хизмат (ФСВТС) фаолиятини назорат қилади. «Сиз аллақачон биласиз — бу ҳақда аввалроқ хабар қилинганди, —федерал хизмат мудофаа вазирлигидан президент ҳузурига ўтказилмоқда. Ва унинг фаолиятини ҳам Сергей Шойгу бошқаради ва назорат қилади», — дея изоҳлаган Кремл расмийси. 

Песковнинг сўзларига кўра, Шойгу «ўзи яхши биладиган, ичкаридан жуда яхши биладиган бу соҳада ҳамкасблари ва аввалги иш жойидаги ҳамкорлари билан ишлашда» давом этади. Путиннинг матбуот котиби Шойгу Ҳарбий-саноат комиссиясига тайинланганини шарҳларкан, Шойгу «бу иш билан чуқур шуғуллангани, у муайян корхоналарда ҳарбий-саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръатларини жуда яхши билиши ва бу корхоналарга тез-тез ташриф буюргани»ни қайд этган.

Ўз навбатида, Россия ҳарбий идорасидаги иккинчи шахс, РФ қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов лавозимини сақлаб қолган.

Шунингдек, янги ҳукуматда ИИВ раҳбари Владимир Колоколцев, ФВВ раҳбари Александр Куренков, ТИВ раҳбари Сергей Лавров, адлия вазири Александр Чуйченко ҳам ўз лавозимида қолган.

Кучишлатар идораларда бошқа ўзгаришлар йўқ. Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) директори Александр Бортников, Росгвардия раҳбари Виктор Золотов, Федерал қўриқлаш хизмати бошлиғи Дмитрий Кочнев ўз ишини давом эттиради.

2013 йилда Андрей Белоусов Россия президентининг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси этиб тайинланганди. The Bell нашри қайд этишича, шундан кейин давлат раҳбарига келадиган барча қоғозлар ва иқтисодий таклифлар унга йўналтирилади. Нашр уни Россия атрофида «душманлар ҳалқаси» ҳосил бўлганига ишонадиган «қатъий давлат арбоби» деб атаган. «Медуза»нинг «Россия элитаси»га яқин бўлган уч манбаси Путиннинг инаугурация маросими арафасида Белоусов бош вазирнинг иқтисод масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан кетиши «амалда ҳал бўлган иш» экани ҳақида айтганди. Суҳбатдошлар унинг ўрнини эгаллаш учун асосий номзодлар сифатида ВЭБ (Россия давлат тараққиёт корпорацияси) раҳбари Игор Шувалов ҳамда президент ёрдамчиси, собиқ иқтисодий тараққиёт вазири Максим Орешкинни келтиришганди.

Путиннинг Белоусовни мудофаа вазири лавозимига таклиф этиш бўйича қарорини изоҳларкан, Песков «кучишлатар блок иқтисодиётини мамлакат иқтисодиётига мослаштириш, уни ҳозирги замон динамикасига мос келадиган тарзда мослаштириш жуда муҳимлиги»ни қайд этган.

«Бугунги кунда жанг майдонида инновацияларга кўпроқ очиқ бўлган, уларни максимал даражада жорий этишга тайёр бўлганлар ғолиб бўлади. Шу туфайли, ҳозирги босқичда президент мудофаа вазирлигига ҳарбий бўлмаган одам раҳбарлик қилиши керак, деган қарорга келгани табиий ҳолат», — деган Кремл вакили ва янги раҳбар шунчаки фуқаролик хизматидаги одам бўлиб қолмасдан «РФ иқтисодий ривожланиш вазирлигини (Белоусов 2012 йил майидан 2013 йил июнига қадар иқтисодий ривожланиш вазирлигига раҳбарлик қилган) анча муваффақиятли бошқарган, узоқ вақт мобайнида президентнинг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси бўлган одамдир».

Top