11:52 / 18.05.2024
2784

Экофаоллар Мюнхен аэропорти ишини тўхтатиб қўйди

«Охирги авлод» ҳаракатининг радикал экологик фаоллари аэропортга кириб, учиш-қўниш йўлагидаги ҳаракатни тўсиб қўйишди.

Фото: AP

«Охирги авлод» ҳаракатининг иқлим фаоллари 18 май, шанба куни эрталаб Мюнхен аэропортига кириб, учиш-қўниш йўлагига жойлашиб, самолётлар ҳаракатини тўсиб қўйишди. Хавфсизлик нуқтайи назаридан аэропорт фаолияти вақтинча тўхтатилган, дея хабар беради dpa.

«Охирги авлод» фаоллари ўзларининг Х ижтимоий тармоғидаги аккаунтларида акциядан бир нечта сурат ва видеоларни эълон қилишди. Уларда учиш-қўниш йўлагида полиция қуршовида ўтирган атроф-муҳит фаоллари тасвирланган. Норозилик ҳаво транспорти Германияда парник газлар ташламаларининг деярли ўн фоизини ташкил этаётгани, бу эса глобал исишга ҳисса қўшаётгани туфайли ўтказилмоқда. Фаоллар ҳукуматни иқлим ўзгаришига қарши кучлироқ чоралар кўришга чақирмоқда. 

Мюнхен аэропорти шу дам олиш кунларида 2860 та рейс ва 350 000 га яқин йўловчига хизмат кўрсатишни режалаштирганди.

2023 йилда атроф-муҳит фаоллари Германиянинг бир нечта аэропортларида, масалан, Берлин, Ҳамбург ва Дюсселдорфда шунга ўхшаш акцияларни ташкил қилишди. Мюнхенда аэропорт блокадаси 2022 йил декабрида бўлиб ўтди. Ўшанда «Охирги авлод» кампанияси туфайли бортида шошилинч бемор бўлган самолёт 20 дақиқалик кечикишдан кейингина Бавария пойтахти аэропортига қўна олди. 

Top