10:02 / 18.05.2024
7790

Оиласидан қочиб кетган чеченистонлик Лия Заурбекова Россияни тарк этди

19 ёшли қиз «Марем» лойиҳасининг ҳуқуқ ҳимоячиларига оиласида жисмоний ва руҳий босимга учраганини айтди. У ўз ҳаёти учун хавфсираган.

Қариндошлари томонидан таъқибга учраган ва ҳаёти учун хавфсираган ёш чеченистонлик қиз Лия Заурбекова Россияни тарк этди. 17 май, жума куни 19 ёшли қизнинг хорижга жўнаб кетгани ҳақидаги маълумотни Telegram’да Заурбекованинг адвокати Наталя Тихонова тасдиқлади

«Билишимча, ҳозир менинг мижозим Лия Заурбекова Россияда эмас, бошқа тафсилотлар, жумладан, жойлар, йўналишлар ва бошқалар менга номаълум», — деб ёзади у. 

Қизнинг қариндошлари томонидан таъқиб қилиниши 

Аввалроқ, 16 май куни «Марем» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси Telegram’да чеченистонлик қиз 13 май куни «қариндошлари тўлиқ назорати остида бўлган» уйдан чиқиб кетгани ҳақида ёзган эди. Лия ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳар куни уйда жисмоний ва руҳий босимни бошдан кечираётганини, ҳаёти учун хавфсираётганини айтган.

Хабар қилинишича, 16 май куни Заурбекова Москвада қариндошларидан қочиб яширинган уйдан чиққанида отасини кўрган. У полицияга қўнғироқ қилиб, Нагатино-Садовники туманидаги полиция бўлимига борган. Бироқ, унинг қариндошлари у ерда уни кутиб туришган. 

Полиция бўлимида қиз видеомурожаат ёзиб, унда ўз ихтиёри билан уйдан чиқиб кетгани ва бир неча кун Москвада бўлганини таъкидлаган, бироқ ота-онаси уни вояга етмаганлиги ҳақида ёлғон ариза билан полицияга мурожаат қилиб, топган. Унинг сўзларига кўра, полиция бўлимидан чиққач, яқинлари уни хавфсизлик кучлари кўз ўнгида тутиб олишга уринган, шунинг учун бинога қайтиб кириб кетган. 

Заурбекованинг қариндошлари ички ишлар бўлимини ўраб олиб, ҳуқуқ-тартибот хизмати ходимларидан қизни беришни талаб қилишган. Хавфсизлик кучлари билан суҳбатда улар «бу жойга Чеченистон ҳукумати вакиллари келишига ваъда бергани», деб ёзади «Медиазона» интернет нашри. 16 май куни кечки пайт «Марем» лойиҳаси Заурбекова полиция бўлимидан чиқиб, хавфсиз жойга кетаётгани ҳақида хабар берди. 

Лия Заурбекова иши юзасидан депутат Делимхоновнинг баёноти 

Ҳуқуқ ҳимоячилари Заурбековани ўз хоҳишига қарши Чеченистонга олиб кетмоқчи бўлишганидан хавфсираган. Энди, «Марем» лойиҳасига кўра, қиз хавфсиз жойда. 

Лия Заурбекова билан боғлиқ вазият ҳақидаги хабарлар фонида Чеченистондан Давлат думаси депутати Адам Делимхонов 17 майга ўтар кечаси Telegram’да Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг кўрсатмаси билан ишни шахсан назоратга олганини ёзди. «Биз Москва ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қизнинг қариндошлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз - улар орасида тушунмовчилик йўқ», деди у. 

Делимхоновнинг сўзларига кўра, Заурбекова «адашган» ва уни бунга ундаган шахс «қонун даражасида муносиб жазога тортилади». 

16 май куни журналист Ксения Собчак ўзининг Telegram-каналида Заурбекова чеченистонлик бўлмаган йигит билан танишиб қолгани ҳақида ёзган эди. «Бу унинг таъқиб қилиниши билан боғлиқми ёки йўқми, ҳали аниқ айтиш имконсиз», дейилади постда. 

Top