20:08 / 21.05.2024
6242

Олтин экспорти 3,42 млрд долларга етди, 463 млн долларлик газ импорт қилинди – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

Жорий йилнинг 4 ойида Ўзбекистон 3,42 млрд доллар қийматидаги олтин сотди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Мамлакат ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли қисми Хитой (19 фоиз), Россия (18,4 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (4,4 фоиз) ва Жанубий Корея (3,3 фоиз) билан қайд этилган. Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё мамлакатларнинг барчасига экспорт ҳажми сезиларли даражада қисқарган.

Фото: Getty Images

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-апрел ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 20,9 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 8,5 млрд долларни, импорт ҳажми эса 12,4 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 9 фоизга, импорт ҳажми 3,9 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 3,9 млрд долларга бўлган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,96 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 19 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Россия (18,4 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (4,4 фоиз) ва Жанубий Корея (3,3 фоиз) билан қайд этилган.

2024 йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улшга эга бўлган топ-10 давлат:

  • Хитой – 3,96 млрд доллар;
  • Россия – 3,84 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 1,22 млрд доллар;
  • Туркия – 920 млн доллар;
  • Корея – 695 млн доллар;
  • Франция – 386 млн доллар;
  • Германия – 345 млн доллар;
  • Афғонистон – 308 млн доллар.
  • Туркманистон – 288 млн доллар;
  • Ҳиндистон – 270 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан бешта мамлакат – Франция, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 15 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Эътиборга молик жиҳати январ–апрел ойларида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, қуйидаги давлатларга экспорт ҳажми сезиларли даражада кўпайган: Россияга (811,5 млн доллардан 1 млрд 21,4 долларга), Францияга (120,6 млн доллардан 264,6 млн долларга), Афғонистонга (258 млн доллардан 301,4 млн долларга). Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё мамлакатларнинг барчасига маҳсулот еказиб бериш қисқарган.

Экспорт

4 ой давомида олтинсиз экспорт 5,6 фоизга ўсиб, қарийб 5 млрд долларни ташкил этган. Яъни январ-апрел ойидаги экспорт ҳажмининг 9 фоизга ошиши бевосита олтин сотишнинг кўпайгани билан боғлиқ. Мазкур даврда 3,42 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Бу рекорд кўрсаткичдир.

Шунингдек, умумий экспорт таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 16,8 фоиздан 15,9 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар улуши 6,1 фоиздан 5,6 фоизга қисқарган. Кимёвий воситаларнинг улуши эса 4,8 фоиздан 5,7 фоизгача ошган. Ўз навбатида олтин экспортининг улуши 19 фоиздан 19,3 фоизгача кўпайган.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (36,8 фоиз), саноат товарлари (15,9 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,4 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Ўз навбатида автомобиллар импорти 1,18 млрд долларни ташкил этган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 462 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 4 баробарга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 54 фоизга ёки 52,3 млн долларгача қисқарган.

Шунингдек, 4 ой давомида 63,3 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,7 фоизга кўп. 

Январ-апрел ойларида 67,8 млн долларлик электр токи сотиб олинган (ўсиш – 39,5 фоиз) ва 43,8 млн доллар қийматидаги электр энергияси (ўсиш – 31 фоиз) экспорт қилинган. 

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти қарийб 4 баробарга ошиб, 179,4 млн долларни, импорти эса 26,8 фоизга кўпайиб, 788 млн долларни ташкил қилган. 

Top