Жамият | 19:00 / 21.05.2024
5103
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Самарқанд давлат тиббиёт университети Евроосиёнинг нуфузли рейтинг агентлиги томонидан аккредитациядан ўтказилди

Жорий йил 17 май куни Самарқанд давлат тиббиёт университетида "Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари" номли талабалар ва ёш олимларнинг 78-халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Халқаро илмий-амалий конференция доирасида Хитой Халқ Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Корея ва Ҳиндистон Республикалари, Россия Федерацияси, Покистон Ислом Республикаси, Қозоғистон, Беларус, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг 80 дан ортиқ олий тиббий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот марказлари ҳамда юртимизнинг барча тиббиёт олий таълим муассасаларидан талабалари ва ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Очилиш маросимидан сўнг конференция ўз ишини 25 та шуъба бўйича давом эттирди. Конференция шуъбаларида жами 2 000 дан ортиқ талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг онлайн ва офлайн режимдаги илмий тақдимотлари намойиш этилди. Якунда анжуман иштирокчиларига диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Қувонарли ҳолатлардан яна бири, бугун Самарқанд давлат тиббиёт университетининг таълим дастурлари “ECAQA” (Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евросиё маркази) мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги ташқи эксперт комиссияси томонидан аккредитациядан ўтганлиги тасдиқланиб, СамДТУ ректори, профессор Жасур Ризаевга сертификатлар топширилди.

Аккредитация жараёнида университет таълим йўналишларининг Тиббий таълим бутунжаҳон федерацияси (World Federation of Medical Education – WFME), Олий таълимда сифатни таъминлаш Европа ассоциацияси (European Association for Quality Assurance in Higher Education – ENQA) ҳамда Осиё Тинч океани ҳудуди сифат регистри (Asia Pacific Quality Registr – APQR) стандартларига мувофиқлигига ижобий баҳо берилган.

Аккредитация якуний натижаларига кўра университетнинг “Даволаш иши” (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) ҳамда “Стоматология” таълим дастурлари WFME Портал базавий тиббий таълимнинг аккредитация қилинган таълим дастурлари порталида жойлаштирилади.

Таъкидлаш жоизки, халқаро аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома таълим ва хизматларнинг сифати, уларнинг халқаро талабларга мувофиқлиги кафолатларини тасдиқлайди ва ушбу дастурлар бўйича олий таълим тўғрисидаги диплом бутун дунёда тан олинади. Бу эса университет битирувчилари учун халқаро миқёсда катта имкониятларни очади десак, муболаға бўлмайди.

Мавзуга оид