6-7 октябрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт университетида “СамДТУ Неврология кафедрасининг 90 йиллиги — муваффақиятлар, ютуқлар, истиқболлар” халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Икки кун давомида ўтказиладиган анжуманда Туркия, Исроил, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия давлатларидан келган профессор -ўқитувчилар ва республикамизнинг тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда тиббиёт марказларининг неврология соҳасидаги таниқли олимлари, амалиётчи-мутахассислари иштирок этмоқдалар.

Халқаро конференциянинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Россия Федарацияси И.И.Мечников номидаги Шимолий-Ғарбий давлат тиббиёт университети ректори, профессор Сергей Сайганов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неврологи, профессор, Ёқутхон Набиевна Мажидова ва бошқалар замонавий неврология ва болалар неврологияси муҳим масалаларини ўрганиш соғлиқни сақлаш соҳаси учун муҳимлигини, шунингдек, университетлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилиши учун лозимлигини таъкидлади.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон тараққиёт стратегияси моҳиятидан келиб чиққан ҳолда илм-фанни ривожлантириш ҳамда хорижий давлатлардаги тиббиёт янгиликларини жорий қилиш, асаб касалликлари билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш ва беморларни даволашга замонавий ёндашиш, чет эллик олимлар билан билим ва тажриба алмашган ҳолда неврология фанини халқаро миқёсда ривожлантиришдир. Шу боис анжуман доирасидаги ялпи мажлисда неврология ва болалар неврологиясидаги ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Самарқанд давлат тиббиёт университети неврология ва болалар неврологияси кафедрасининг тўплаган тажрибаси борасидаги маърузалар тингланди. Хорижлик мутахассислар ва ёш тадқиқотчиларнинг чиқишлари иштирокчиларнинг алоҳида диққат-эътиборини тортди.