Жамият | 21:59 / 21.05.2024
12199
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги “Мурувват” уйида даволанаётган ақли заиф беморни мазах қилган ходимлар жаримага тортилди

Бемор аёлни мазах қилган аутсорсинг фирма раҳбарига шартномани бекор қилиш бўйича огоҳлантириш хати юборилган.

Фото: Омбудсман

2024 йилнинг 17 май куни Сирдарёдаги ногиронлиги бор шахслар яшайдиган “Мурувват” уйида яшаб даволанаётган руҳий носоғлом аёлнинг устидан мазах қилган икки нафар аёл жаримага тортилган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, аёлни мазах қилган ходимлар ушбу муассасага аутсорсинг асосида хизмат кўрсатадиган “Innovation-Outsorsing-Service” МЧЖда ишлашган.

Улар муассаса ҳудудида эркин сайр қилиб юрган Я.С.ни шифокор, ҳамшира ҳамда кичик тиббий ходимлар (энага) рухсатисиз ошхона биносига олиб кириб, руҳий ҳолатини билатуриб мазах қилишган. Ҳолатни видеога олиб, уни ошхонада ишловчи ходимларнинг Телеграм гуруҳига ташлашган.

2024 йил 17 май куни Сирдарё “Мурувват” уйи раҳбари Сирдарё тумани ИИБга мурожаат қилиб, Х.М. ва Ш.О.ларнинг хатти-ҳаракатига қонуний чора кўришни сўраган.

Беморнинг устидан кулган ходималар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва улар вазифасидан озод қилинган.

Қайд этилишича, ИИБ томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари якунланиб О.Ш. ва М.Х.га МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жарима тўлаш жазоси белгиланган.

Шунингдек, “Innovation-Outsorsing-Service” МЧЖ фирмаси билан тузилган шартномани бекор қилиш учун унинг раҳбари И.С. номига огоҳлантириш хати чиқарилган.

Мавзуга оид