Покистон хавфсизлик кучлари якшанба куни Покистон-Афғонистон чегараси бўйлаб қуруқлик ва ҳаво операцияларини ўтказди. Тадбирда камида 29 нафар жангарини йўқ қилингани айтилмоқда.

Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар душанба тонгида қуруқликдаги ҳужумларда «Жамоат-ул-Аҳрар» гуруҳига алоқадор тўрт нафар жангари ўлдирилганини билдирди. Ушбу гуруҳ Покистон Толибонининг қаноти (фракцияси) ҳисобланади.

Унинг қўшимча қилишича, Пактия, Пактика ва Кунар вилоятларидаги учта нишонга берилган ҳаво зарбалари натижасида 25 нафар жангари йўқ қилинган. Шунингдек, «кўп миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар» йўқ қилинган.

Тарар ўз постида Покистон «сўнгги пайтларда содир этилган бир қанча террористик ҳодисалар»га жавоб қайтарганини таъкидлади.

Покистон ҳарбийларининг шанба кунги баёнотига кўра, «Жамоат-ул-Аҳрар» гуруҳининг Карачидаги «Синд Рейнджерс» объектига уюштирган бомба ва ўқотар қуроллардан иборат ҳужуми оқибатида уч нафар ҳарбийлаштирилган аскар ҳалок бўлган ва тўрт киши жароҳатланган.

«Толибон» тинч аҳоли қурбон бўлганини айтди

Афғонистоннинг «Толибон» ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ушбу «қўрқоқона ҳаракат»ни қоралаб, уни «жиноят ва ваҳшийлик» деб атади.

«Ҳужумлар оқибатида ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Биз ушбу қўрқоқона тажовузкорлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ҳамда буни жиноят ва шафқатсизлик деб ҳисоблаймиз», деди Забиҳуллоҳ.

2026-06-29 13.44.18
Фото: Reuters

«Толибон» расмийлари BBC'га камида 100 киши ҳалок бўлгани ёки яраланганини маълум қилди. Сўнгги ҳужумларда Покистон ва Толибон ҳукуматлари томонидан даъво қилинган қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз.

Покиcтон-Афғонистон можароси

Покистон узоқ вақтдан бери Афғонистонни ўз ҳудудида ҳужумлар уюштирадиган террорчиларга бошпана беришда айблаб келади, «Толибон» ҳукумати эса бу даъвони рад этади.