09:42 / 27.05.2024
2672

Бербок Рафаҳга ЕИ миссиясини юборишни таклиф қилди

Германия ташқи ишлар вазири 2007 йилда ҲАМАС ҳокимиятга келганидан сўнг тўхтатилган Рафаҳдаги ЕИ назорат миссиясини тиклашни таклиф қилди.

Фото: Ronen Zvulun/REUTERS

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ғазо-Миср чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктини назорат қилиш бўйича Европа Иттифоқи миссиясини тиклашни таклиф қилди. Бундай миссия Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаши мумкин, деди у 26 май, якшанба куни Берлинда Германия Асосий қонунининг 75 йиллигига бағишланган тадбирда сўзлаган нутқида.

Бербок бу ташаббусни 27 май куни Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида илгари сурмоқчи эканлигини айтди.

ОАВ: АҚШ ЕИ Рафаҳ назорат пунктини назорат қилишини истаяпти

Американинг Politico нашри ўз манбаларига таяниб, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Миср ва Ғазо сектори чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти назоратини Европа Иттифоқи миссиясига ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди. Бир неча ҳафта давомида, деб ёзади газета, Америка расмийлари Исроил ва Миср ўртасидаги музокараларда воситачилик қилиб, назорат пунктини Европа Иттифоқи миссияси назорати остига ўтказишга имкон берадиган битим тузишди.

ЕИнинг Рафаҳдаги миссияси ҲАМАС ҳокимиятга келишидан олдин мавжуд эди 

Европа Иттифоқи 2005 йилда Исроил Ғазо секторидан чиқиб кетганидан кейин Рафаҳ назорат пунктига кузатув миссиясини юборган эди. Бироқ 2007 йилда ҲАМАС ҳаракати секторда ҳокимиятни қўлга киритгач, миссия фаолияти тўхтатилган. 

Бербок Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирди

Анналена Бербок Ғазо секторида гуманитар сулҳ ғоясини яна бир бор қўллаб-қувватлади. Бунинг учун, деди у, учта шартни бажариш керак. Биринчидан, Исроил хавфсизлик кафолатларини олиши керак, чунки ҲАМАС унинг «бутунлай йўқ қилиниши»га интилмоқда. Вазирнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи бундай кафолатларни тақдим этишга ҳисса қўшиши мумкин, аммо уларда «каттароқ ўйинчилар» ҳам иштирок этиши керак.

Иккинчи шарт, Бербок фикрича, Ғазо секторини тиклаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар бўлиши керак. Учинчиси, «икки давлат» ечимига асос яратиш учун Фаластин ҳудудларида инфратузилма ва давлатчиликни ривожлантириш. 

Бербокнинг чиқиши намойишчиларга ёқмади

Анналена Бербокнинг нутқи мунтазам равишда Фаластин тарафдори бўлган намойишчиларнинг ҳуштаклари ва норози ҳайқириқлари билан тўхтатилди. Улар Германияни Исроил ва унинг Ғазо секторидаги ҳарбий кампаниясини қўллаб-қувватлаётганликда айблади. Иштирокчилардан бири «Германияга уят» деб бақирди. Намойишчиларнинг ҳаракатларига жавобан Бербок «Ғазодаги болаларни бу тарзда қутқариб бўлмайди» деди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Top