Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада сайлов масаласи зимдан муҳокама қилинмоқда. Зеленский яққол фаворит эмас
“Украинская правда”нинг ёзишича, Зелеский Залужний билан учрашувда: “Агар кузда сайлов бўлса, номзодингни қўясанми?” деган саволига “ҳа” деган жавобни олган. Айрим сўровлар собиқ бош қўмондонга нисбатан ишонч даражаси 70 фоиздан ошиқлигини кўрсатмоқда. Мавзу Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида муҳокама марказида бўлди.
Камолиддин Раббимов: Ҳозир Украина президенти фавқулодда ҳолат шароитида давлатни бошқармоқда. Навбатдаги президентлик сайлови 2024 йил май ойида ўтказилиши керак эди. Аммо Украина қонунчилиги уруш даврида сайлов ўтказишни тақиқлайди.
Бугунги кунда Украина раҳбарияти сайлов ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда. Сиёсий нуқтайи назардан қараганда, амалдаги президент Володимир Зеленский уруш даврида мамлакат мустақиллигини ҳимоя қилган етакчи сифатида тарихда ижобий ном қолдиришни истайди. Шу билан бирга, у сайловларда мағлуб бўлмаган лидер сифатида қолишни ҳам кўзлайди. Конституцияга кўра, у иккинчи бор президентликка номзодини қўйишга ҳақли.
Турли манбаларга, жумладан Ғарб ва бошқа халқаро матбуотдаги хабарларга кўра, Украина ҳукумати жорий йил кузида президентлик сайловларини ўтказиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунинг асосий мақсади – давлат ҳокимиятининг легитимлигини халқаро майдонда янада мустаҳкамлашдир. Шу орқали Россиянинг “Украина ҳокимияти нолегитим” деган асосий сиёсий даъволаридан бири заифлаштирилади.
Уруш давом этаётганига қарамай, Украинада ижтимоий сўровлар мунтазам ўтказилмоқда. Ушбу сўровларга кўра, ҳозирги пайтда Зеленскийнинг рейтинги нисбатан юқори – тахминан 38 фоиз атрофида. Бироқ бу кўрсаткич биринчи турдаёқ ғалаба қозониш учун етарли эмас, чунки бунинг учун 50 фоиздан ортиқ овоз талаб этилади. Демак, сайловлар иккинчи босқичга ўтиши эҳтимоли катта.
Сўровлар натижаларига кўра, Валерий Залужний – иккинчи турга чиқиши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири. Айни пайтда у дипломатик лавозимда фаолият юритиб, президентга бўйсунади ва Украина манфаатларини халқаро майдонда ифодалайди. Аммо сайлов кампанияси бошланиши билан сиёсий “ўйин қоидалари” ўзгаради: Залужний мустақил номзод сифатида чиқиб, амалдаги ҳокимиятни танқид қилиши мумкин.
Ҳозирда Залужний жамиятда асосан ҳарбий қаҳрамон сифатида қабул қилинади. Аммо у сиёсий майдонга фаол кириб, ҳукуматнинг хатоларини очиқ танқид қила бошласа, жамоатчилик фикри сезиларли даражада ўзгариши эҳтимоли бор. Шу сабабли Зеленский учун сайлов ўтказиш масаласи нафақат ҳуқуқий, балки стратегик ва сиёсий жиҳатдан ҳам мураккаб қарор бўлиб қолмоқда.
Фарҳод Каримов: Сайлов ўтказиш учун, аввало, ҳарбий ҳолат бекор қилиниши керак. Залужний номзоди масаласига келсак, бу мавзу айниқса Европа Иттифоқи доираларида тез-тез муҳокама қилинмоқда. У ерда урушни тезроқ якунлаш ва сайлов ўтказиш зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Шунга қарамай, агар Валерий Залужний президентлик сайловларида қатнашиб, ғалаба қозонса ҳам, Украинанинг умумий сиёсий йўналиши ва асосий стратегик тамойиллари кескин ўзгариб кетиши эҳтимоли паст.
Агар Залужний ҳокимиятга келса, эҳтимолий ўзгаришлар асосан сиёсий элита таркибида кузатилиши мумкин. Яъни ҳукуматда ҳарбийлар улуши ортиши эҳтимолдан холи эмас, чунки Залужний фаолияти давомида асосан ҳарбий муҳитда ишлаган.
Умуман олганда, эҳтимолий кадрлар алмашинуви бўлиши мумкин, бироқ давлатнинг асосий стратегик йўналиши ўзгармайди. Украинада суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва Россияга нисбатан сиёсий позиция сақланиб қолади. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТО билан интеграция курси давом этади.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
09:50
Россия тинчлик музокараларини кечиктириши мумкин — FT
23:54 / 05.07.2026
Трамп Анқарада Зеленский билан учрашиши мумкин
20:40 / 05.07.2026
Константиновка кимнинг қўлида – Донбасснинг стратегик муҳим шаҳридаги вазият ҳақида
09:59 / 05.07.2026