Жаҳон | 12:40 / 29.05.2024
1635
4 дақиқада ўқилади

Боррел: ЕИ ёз охиригача 60 минг украиналик ҳарбийни тайёрлайди

Брюссел Украина Қуролли кучлари учун ўқув миссиясини кенгайтиришга тайёр, бироқ янги рақамлар ҳали эълон қилинмаган. Украина ҳудудида украиналик аскарларни тайёрлаш масаласида Европа Иттифоқида ҳозирча консенсус йўқ, деди Жозеп Боррел.

Фото: AP

Европа Иттифоқининг EUMAM ўқув миссияси доирасида 50 минг украиналик ҳарбий хизматчи ўқитилди ва ёз охирига бориб уларнинг сони 60 мингга етиши керак. Бу ҳақда 28 май, сешанба куни Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди. Украина кўпроқ одамларни сафарбар қилиши керак экан, унга кўпроқ таълим имкониятлари керак бўлади ва Европа Иттифоқи, ўз навбатида, EUMAM миссиясини кенгайтиришга тайёр, деди Боррел Европа Иттифоқи мудофаа вазирлари йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида. 

«Ўқув салоҳиятимизни ошириш бўйича консенсус ортиб бормоқда, - деди Европа дипломатияси раҳбари. - Лекин мен бунга эриша олишимизга ишонч ҳосил қилмагунимча, янги рақамни эълон қилишни хоҳламайман». Унинг сўзларига кўра, вазирлар учрашувда ўқув миссиясини Украинага қисман ўтказиш мавзусини ҳам муҳокама қилган, бироқ бу масала бўйича аниқ умумевропа позицияси йўқ. 

Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба бериш ҳақида мунозара

Худди шундай, Европа Иттифоқи Украинанинг Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун ЕИ давлатлари томонидан берилган қуроллардан фойдаланиши жоизми ёки йўқми, шу масала борасида бир фикрга эга эмас. «Агар бу мутаносиб равишда амалга оширилса, халқаро ҳуқуқ бўйича қонуний ҳаракат эканлиги аниқ, аммо бу ҳар бир алоҳида давлат учун қарор бўлиб, у мустақил равишда жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак», деди Жозеп Боррел. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида бунга кескин қарши бўлганлар ҳам, бошиданоқ Киевни бундай шартсиз қурол билан таъминлаганлар ҳам, яқинда қурол қўллаш бўйича ҳудудий чекловни олиб ташлашга рози бўлганлар ҳам бор. Бироқ, Боррел бундай давлатлар сони ва қайси тоифалар кўпчиликни ташкил этишини айтмасликни маъқул кўрди. 

Унинг таъкидлашича, бу ҳолат Россияга яққол устунлик беради, бироқ Европа Иттифоқи ўз аъзоларига Украина учун ҳудудий чекловни олиб ташлаш ёки олиб ташламасликни буюрмайди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда вазирлар билан учрашув олдидан шундай фикр билдирди. У яна бир бор таъкидладики, Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, бу ўз ҳудудидан ташқаридаги нишонларни мўлжалга олишни ҳам ўз ичига олади. «Хусусан, бу ҳозир долзарб, чунки энг оғир жанглар Харкив вилоятида ва Украина-Россия чегараси яқинида бўлиб ўтмоқда ва шунинг учун, албатта, украиналиклар ҳарбий нишонларга зарба бера олмасалар, ўзларини ҳимоя қилишлари жуда қийин бўлади. Чегаранинг нариги томонида Украинага ҳужум қилиш учун ишлатиладиган ракеталар, артиллерия ва аэродромлар бўлиши мумкин», деди НАТО бош котиби. Унинг фикрича, Киевнинг қурол ишлатишига чекловлар киритган мамлакатлар ўз қарорларини қайта кўриб чиқиши вақти келди. 

Мавзуга оид