00:20 / 29.05.2024
3547

Гуржистон парламенти президентнинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қўйган ветосини бартараф қилди

Конституцияга кўра, қонун энди 3 кун ичида президентга тақдим этилиши керак. Агар у рад этса, парламент спикери қонунни имзолаши мумкин ва у беш кун ичида кучга киради.

Фото: Telegram/Paper Kartuli

Гуржистон парламенти мамлакат президенти Саломе Зурабишвили томонидан «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қўйилган ветони бартараф қилди, деб ёзди Paper Kartuli.

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясидан 84 депутат ветони бекор қилиш учун овоз берди. Ветони бекор қилиш учун камида 76 овоз керак эди.

Конституцияга кўра, қонун энди 3 кун ичида президентга тақдим этилиши керак. Агар у рад этса, парламент спикери қонунни имзолаши мумкин ва у беш кун ичида кучга киради. Айни дамда спикер лавозимини ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси вакили Шалва Папуашвили эгаллаб турибди.

Депутатлар йиғилиши чоғида Гуржистон парламенти биноси яқинида яна намойишчилар тўплана бошлади. Полиция уларни бинодан узоқлаштиришга уринмоқда, деб ёзди Paper Kartuli.

«Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Гуржистонда «чет эл агентлари» реестрини яратишни назарда тутади, унда 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари кўрсатилади.

Ушбу қонун лойиҳаси кенг кўламли норозилик намойишлари туфайли 2023 йил мартида олиб қўйилган эди. Аммо ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси томонидан 2024 йил апрелида парламентга қайта киритилди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси оммавий норозилик намойишлари билан кечди, бироқ 14 май куни Гуржистон парламенти уни учинчи ўқишда маъқуллади. 18 май куни Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили қабул қилинган қонунга вето қўйиб, уни «моҳияти ва руҳи жиҳатидан россияпараст» деб атади. Бироқ, ветони бартараф қилиш учун парламентдаги кўпчилик овоз етарли эди.

Қонун лойиҳасининг мухолифлари уни «чет эл агентлари» тўғрисидаги Россия қонунининг нусхаси деб аташади. Европа Иттифоқи қонуннинг қабул қилиниши Гуржистоннинг Европа Иттифоқига кириши йўлида «жиддий тўсиқ» бўлишидан огоҳлантирди. АҚШ Давлат департаменти қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан Гуржистон учун визаларни чеклаш сиёсатини жорий қилди, бу мамлакатда «демократияга путур етказиш» учун жавобгар шахсларга нисбатан қўлланилади.

Top