09:42 / 29.05.2024
1676

ЕИ Гуржистонга «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун учун оқибатлар билан таҳдид қилди

Тбилисида парламент томонидан қабул қилинган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Гуржистоннинг Европа Иттифоқига қўшилишига салбий таъсир кўрсатади, дея огоҳлантирди Жозеп Боррел.

Фото: Sputnik / Stringer

Европа Иттифоқи Гуржистон парламенти «чет эл агентлари тўғрисида»ги мунозарали қонунни якуний тарзда маъқуллаганидан афсусда эканлигини билдирди ва бу қадамнинг Европа интеграцияси учун салбий оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. «Европа Иттифоқи Гуржистон парламенти президентнинг «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунига қўйган ветосини бекор қилишга ва Венеция комиссиясининг батафсил ҳуқуқий далилларини эътиборсиз қолдиришга қарор қилганидан чуқур афсусда», — деди 28 май, сешанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. 

Еврокомиссия билан қўшма баёнотида Боррел Гуржистон парламенти томонидан қабул қилинган қонун Брюссел бир неча бор таъкидлаганидек, Европа Иттифоқининг асосий тамойиллари ва қадриятларига зид эканлигини эслатди. Унинг тасдиқланиши «Гуржистоннинг ЕИга борадиган йўлига салбий таъсир кўрсатади», дейилади ҳужжатда. 

«Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар ушбу воқеаларга жавоб беришнинг барча вариантларини кўриб чиқмоқдалар, биз гуржи халқини қўллаб-қувватлашда давом этамиз ва уларнинг мамлакат учун Европа келажаги бўйича танловини тан оламиз», деди Жозеп Боррел. 

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун

Гуржистон парламенти 14 май куни мамлакатда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари фонида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси апрел ойида парламентга киритганидан буён ушбу ҳужжат мухолифат кучларининг ўта салбий муносабатини уйғотди, улар уни ҳукумат назорати остида бўлмаган ноҳукумат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларини «тўғирлаш»га қаратилган деб ҳисоблайдилар.  Мамлакат президенти Саломе Зурабишвили 18 май куни ушбу қонунга вето қўйган. 

10 кундан сўнг Гуржистон парламенти кўпчилик овоз билан президентнинг ветосини енгиб ўтди ва ниҳоят қонунни маъқуллади. 150 депутатдан 84 нафари ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партиясидан бу қарорни ёқлаб овоз берди. Фақат тўрт нафар парламентарий қарши чиқди. Президент ветосининг бекор қилиниши кутилган воқеа эди, чунки «Гуржистон орзуси» ва у билан ҳамкорлик қилувчи партиялар парламентда кўпчиликни ташкил этади. 

Энди Гуржистон конституциясига кўра, «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун уч кун ичида Зурабишвилига топширилиши керак, у уни беш кун ичида имзолаши мумкин. Агар Зурабишвили буни рад этса, қонун парламент раиси Шалва Папуашвили томонидан имзоланади ҳамда эълон қилинади, сўнг июн бошидан кучга киради. 

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Европа кенгаши Гуржистон ҳукуматини ушбу қонунни қайтариб олишга чақириб, унинг қабул қилиниши Гуржистоннинг ЕИга йўлини ёпиб қўйиши тўғрисида огоҳлантирди. Қўшма Штатлар янги қонун тарафдорларига нисбатан виза чекловлари жорий этилгани ва Гуржистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама кўриб чиқишини эълон қилди. 

Top