11:51 / 30.05.2024
13303

Энг тоза 10 аэропорт рейтинги эълон қилинди – уларнинг 9таси Осиёда

Рейтингдаги энг тоза аэропортларнинг аксари Осиёда эканини кўриш мумкин. Тадқиқот Skytrax рейтинг ташкилоти томонидан World Airport Awards доирасида ўтказилган.

Фото: Unsplash

Дунёдаги энг тоза аэропорт Япония пойтахти Токиодаги Ханеда деб топилди. Skytrax поллар, ўриндиқлар, умумий фойдаланиш жойлари ва ҳожатхоналар тозалигига юқори баҳо берган. Ташкилотга кўра, аэропортлар тозалиги коронавирусдан кейинги дунё учун жуда муҳим. Ханеда аэропорти билан бир қаторда Япониянинг яна учта аэропорти кучли ўнталикка кирган. Нагоя 5-ўрин, Нарита 6-ўрин ва Кансаи 7-ўринни эгаллаган.

Тозалик рейтингида 2-ўринни Сеулдаги Инчеон, 3-ўринни эса Сингапурнинг Чанги аэропортлари эгаллаган.

Доҳанинг Ҳамад аэропорти 4-, Ҳонгконг ва Тайван аэропортлари эса 8- ва 9-ўринларни эгаллади.

Рўйхатни Осиёда бўлмаган ягона аэропорт – Швейцариянинг Цюрих аэропорти бўлиб, у 10-ўринга лойиқ кўрилган.

Шунингдек, Skytrax ҳудудлар бўйича ҳам қайси аэропорт тозароқ эканини ўрганган. Бунда Цюрих Европадаги энг тоза аэропорт деб топилган бўлса, Ханеда Осиёда, Ҳамад эса Яқин Шарқдаги энг тозаси бўлди.

Шимолий Америкада энг яхши терминал Ванкувер (Канада), Жанубий Америкада эса Кито (Эквадор) бўлди. Коста-Рикадаги Хуан Сантамария Марказий Америка ва Кариб ҳавзасидаги энг тоза аэропорт деб топилди.

Африкада Кейптаун биринчи ўринни эгаллади, Брисбен Австралия-Тинч океани минтақасида, Шанхай Хунқиао эса Хитойда ғолиб чиқди.

Марказий Осиёда Озарбойжоннинг Боку шаҳри аэропорти, Ҳиндистон ва Жанубий Осиёда эса Бангалор энг яхшиси деб топилди.

Маълумот учун, дунё бўйлаб аэропортларда мижозлар қониқишини ўрганиш бошланганига 25 йил бўлди. Ва ҳар йили 8,5 миллиарддан ортиқ йўловчи ҳаво орқали саёҳат усулини танлайди.

Top