Тожикистон ва Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 78 кг гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди
ДХХ ходимлари томонидан Тожикистоннинг Панжикент тумани билан чегарадош бўлган Самарқанд вилояти Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда, гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи 1 нафар Тожикистон ва 6 нафар Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб келинган 11 кг 502 гр “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, улардан 2600 АҚШ доллари, 12 млн 690 минг сўм ва 850 сомоний ҳам ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди. Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган ушбу наркотикни Ўзбекистонда сотишни режалаштиришган.
Жиноий гуруҳнинг Ургут туманида яшовчи 6 нафар аъзосидан 2 нафари муқаддам айнан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланган шахслар ҳисобланади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Қозоғистон фуқароси тўхтатилиб, унинг юк сумкаси кўздан кечирилди. Натижада, сумка ичида 46 кг 738 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги бўлган Тожикистон фуқароси ҳамда ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланди. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам тезкор тадбир ўтказишди.
Хусусан, Тошкент-Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган “Жентра” русумли автомашина Поп тумани ҳудудида жойлашган ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, Марғилон шаҳрида яшовчи ака-ука кетаётган автомашина салонида 19 кг 885 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ака-уканинг жиноий шериги бўлган ва бошқа автомашинада уларни кузатиб бораётган, Марғилон шаҳрида яшовчи шахс ҳам қўлга олинди.
Терговга қадар текширув давомида, улар муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган наркотик моддаларни олиб кетаётганликлари маълум бўлди.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
14:41 / 06.11.2024