Суҳбатдошларимиз – Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Аббос Бобохонов ва иқтисодчи Шуҳрат Расул.

— Дастлабки бу учта давлатнинг учрашувларига сабаб бўлаётган масалалар, улар ўртасидаги тарихий низоларга тўхталиб ўтсак.

Аббос Бобохонов: Хитой бош вазири бизнинг муносабатларда 2 та катта тўсиқ бор деб, тарихий масалалар ва Тайван омилини айтди. Тарих дейилганда асосан Иккинчи жаҳон урушидан кейинги масалалар назарда тутилади. Масалан, бир вақтлар Японияга тегишли бўлган Сенкаку ороли бугун Хитойники. Нанкин қирғини масаласи ҳам бор, Япония ҳужумида жуда кўп Нанкин шаҳри аҳолиси ўлган, ҳалигача энг катта муаммолардан бири. Хитой томони Япония тан олиб кечирим сўрашини истайди, аммо Япония тан олмайди. Ден Сяопин давридаги келишувларга кўра, Япония 40 млрд доллар қайтувчи ва 5 млрд доллар ёрдам инвестиция киритиши билан компенсация қилиб, муносабатларни тиклаши кўзда тутилган. Лекин бу ҳам ечим бўла олмади. 2016 йилда юмшаш бўлди, Япония бош вазири Абе Хитойга ташрифида тарихий воқеалар муносабатларга таъсир қилмаслиги ҳақида баёнот беради. Абе ҳукуматдан кетгач, бу масала яна кун тартибига чиққан.

Шуҳрат Расул: Японияда 19-аср охири, 20-аср бошида капиталистик муносабатлар тез ривожланди. Шу даврда Япония империя ҳам қурган. 1910 йилда Корея яриморолини босиб олади ва 35 йил назоратда ушлаб туради. Япония 1931 йилда Хитойнинг Шимолий ҳудуди бўлган Манжурияни босиб олишга киришади. 1937 йилда эса катта уруш бошлади ва Хитойга тегишли Тинч океани қирғоқ ҳудудларини босиб олди. АҚШ билан Пёрл Харбордаги конфликтдан сўнг эса Япония ва Хитой уруши Иккинчи жаҳон урушининг бир қисмига айланди. Хитойнинг ҳам, Жанубий Кореянинг ҳам Японияга нисбатан империячи сифатида қараши бор ва бу ўша тарихий тўсиқ бўлаётган омиллардан.

Аббос Бобохонов: 5 йил давомида учрашув бўлмаганига фақат пандемия сабаб эмас. Хитой ва АҚШнинг глобал рақобати ҳам сабаб, Япония ва Жанубий Корея АҚШ иттифоқчилари сифатида кўрилади. 1952 йилда АҚШ ва Япония ўртасида агар Японияга қуролли ҳужум бўлса, АҚШ ҳимоя қилиши бўйича шартнома тузилган, шу бўйича АҚШнинг 80 мингдан ортиқ ҳарбийлари Япония ва Жанубий Кореядаги базаларда жойлашган. Шу ҳам Япония ва Хитой муносабатларида таранглик келтириб чиқаради.

— Бу саммит ўтган йили АҚШ, Жанубий Корея, Япония вакилларининг Кемп-Дэвид учрашуви билан боғлиқми? Яъни Хитой Ҳинд-Тинч океанидаги хавфсизликдан хавотирдами?