Шусиз ҳам сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар билан курашаётган Ўзбекистон олдида яна бир жиддий муаммо пайдо бўлган.

2022 йил 31 март куни “Толибон” ҳукумати мамлакат шимолидаги йирик канал қурилиши лойиҳаси тақдимотини ўтказган эди. Унга кўра, Балх вилояти ҳудудида Амударёдан бошланадиган Қўштепа канали қурилмоқда.

Сув кам йилларда Амударё суви 34 куб километргача пасаяди. Агар бу канал қуриб битказилса, дарёнинг деярли 10 куб километр, яъни учдан бир қисм суви Афғонистоннинг ичкари ҳудудларига оқиб кетади. Бу эса Хоразм, Бухоро, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек Туркманистон учун жиддий оқибатлар яратиши мумкин.

Kun.uz Ўзбекистон олдида турган бу йирик муаммо ва умуман Афғонистондаги вазият, у ердаги муваққат ҳукуматнинг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларида пайдо бўлган чигалликлар ҳақида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди. Суҳбатни тўлиқ ҳолда ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Бу материалда эса Қўштепа канали қурилиши Амударёга ва қўшни давлатларга қандай таъсир ўтказиши ҳақида бир муддат аввал журналист Наталя Шулепина эълон қилган таҳлилий мақолада берилган маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Аввало таъкидлаш керак, қурилаётган канал орқали афғонистонликлар шимолий учта вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни мақсад қилган.

Канал Амударёнинг Балх вилояти Калдар туманидан ўтган қисмидан бошланади. Лойиҳани Афғонистоннинг Миллий тараққиёт компанияси давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширмоқда.

Канал узунлиги 285 километрни ташкил этиши маълум. Лойиҳа қиймати 684 миллион долларга баҳоланган. Каналнинг кенглиги 100 метр, чуқурлиги 8,5 метр. 2022 йил март ойидан бошлаб 4 минг нафаргача киши иштирокида фаол қурилиш ишлари олиб борилмоқда.