09:10 / 05.06.2024
5654

Politico ЕИ раҳбариятидаги можаро ҳақида хабар берди

Politico нашрига кўра, Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Урсула фон дер Ляйеннинг Еврокомиссия раҳбари лавозимига қайтишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Мишелнинг ўзи Жозеп Боррел ўрнига Европа дипломатияси раҳбари лавозимига даъвогарлик қилмоқда.

Фото: Olivier Hoslet

Европа Кенгашининг амалдаги раҳбари Шарл Мишел Урсула фон дер Ляйеннинг Европарламентга сайловлардан сўнг Еврокомиссия (ЕК) раиси лавозимини қайта эгаллашига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда, деб хабар берди Politico 4 июн, сешанба куни дипломатлар ва расмийлар орасидаги саккизта манбага таяниб. 

«Бу барчани ақлдан оздирмоқда, чунки унинг ўйини жуда аниқ - фон дер Ляйенни қоқилишга мажбурлаш. Ўзи эса яна бир юқори лавозимни эгаллашни орзу қиляпти», деди исми сир қолиш шарти билан гапирган суҳбатдошлардан бири. Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқининг икки олий раҳбари ўртасида анчадан бери жуда кескин муносабатлар мавжуд. 

Politico манбаларига кўра, Мишелнинг ўзи ҳозирда Жозеп Боррел эгаллаб турган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимига даъвогарлик қилаётгани ҳақида миш-мишлар бор. Нашр суҳбатдошлари Мишел Урсула фон дер Ляйеннинг ЕК раҳбари этиб қайта тайинланишига халақит қилишга уриниб, юқори лавозимга номзодларни биргаликда муҳокама қилиш ўрнига, Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарлари билан юзма-юз гаплашиш стратегиясига мурожаат қилишидан хавотирда.

Урсула фон дер Ляйеннинг яна ЕКни бошқариш имконияти

Politico манбаларининг қайд этишича, Мишел Европарламентга сайловлардан кейин ЕИда юқори лавозимларни тақсимлаш жараёнига раҳбарлик қилиши ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги музокараларни мувофиқлаштириши билан катта таъсирга эга бўлади. Шу билан бирга, нашр суҳбатдошлари Урсула фон дер Ляйеннинг ЕК раҳбарлигида қолиш имкониятини юқори баҳоламоқда, чунки унинг «Европа халқ партияси» сайловларда яхши натижага эришиши керак, фон дер Ляйеннинг ўзи эса сўнгги йилларда муваффақиятли инқироз менежери сифатида обрўсини мустаҳкамлаган. Бундан ташқари, ҳозирда унинг ёрқин рақобатчилари йўқ. 

Шу билан бирга, манбалар баъзи пойтахтларда, масалан, Парижда фон дер Ляйен томонидан қўлланадиган марказлаштирилган бошқарув услубидан маълум бир норозилик мавжудлигини тан олди ва бу норозилик кучайиши мумкин. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Европарламентнинг янги таркиби фон дер Ляйенга нисбатан кўпроқ душманлик кайфиятида бўлиши мумкин, дея тушунтирди Politico суҳбатдошлари. 

Top