ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр
Германия, Франция, Италия, Полша, Испания ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари Варшавада Украинани қўллаб-қувватлаш истиқболлари ва АҚШ билан муносабатларнинг келажагини муҳокама қилди.
Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиётлари – Германия, Франция, Италия ва Испания, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Буюк Британия АҚШнинг Киевни қўллаб-қувватлаши қисқариши эҳтимоли фонида Украинага ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳарбий ва молиявий юкни ўз зиммасига олишга тайёр. Бу ҳақда 19 ноябр, сешанба куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Варшавада юқоридаги давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимида Жозеп Боррелни алмаштириши керак бўлган эстониялик Кая Каллас иштирокидаги учрашув якунлари бўйича журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
«Мен Европа Иттифоқининг энг йирик давлатлари АҚШнинг иштироки қисқариши (Киевни қўллаб-қувватлашда) муносабати билан Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам юкини ўз зиммасига олишга тайёрлигини ҳурмат билан эътиборга оламан», — дея AFP Полша ташқи ишлар вазирлиги раҳбаридан иқтибос келтирмоқда.
Германия, Франция, Италия ва Полша ташқи ишлар вазирларининг Варшавадаги учрашуви Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошлангани 1000 кунлигига тўғри келди. Ушбу тадбирдаги муҳим мавзу Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ривожи ҳам бўлди. Муҳокамаларга Испания ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари онлайн тарзда қўшилди.
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
Европа Иттифоқи биринчи марта аъзо давлатлар томонидан Украинага қисман етказиб бериш учун қурол, шу жумладан ракеталар ва ўқ-дориларни биргаликда сотиб олишни молиялаштиришни маъқуллади. Танланган бешта лойиҳа «Европа мудофаа саноатини умумий харидлар орқали мустаҳкамлаш» (EDIRPA) механизми доирасида амалга оширилмоқда. Ҳар бир ташаббус учун 60 миллион евро ажратилган. Молиялаштиришнинг умумий миқдори 300 миллион еврони ташкил қилади, бу ҳақда 14 ноябр куни Брюсселда маълум қилинди.
«Биз Европа Иттифоқи бюджетидан аъзо давлатларни умумий мудофаа харидларини қўллаб-қувватлаш учун биринчи марта фойдаланмоқдамиз», деди Европа комиссияси раиси ўринбосари Маргрете Вестагер.
Гап ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари, замонавий зирҳли техника ва ўқ-дориларни харид қилиш ҳақида бормоқда.
AFP'нинг аниқлик киритишича, тўққизта иштирокчидан иборат мамлакатлар гуруҳлари жалб этилади. Лойиҳаларда жами 20 га яқин аъзо давлатлар иштирок этмоқда, уларнинг баъзилари EDIRPA'да биринчи марта қатнашади.
Мавзуга оид
16:03 / 20.12.2024
ЕИнинг 15 та давлати сурияликларнинг бошпана сўровини кўриб чиқмаяпти
14:32 / 20.12.2024
Евроиттифоқ Киевга қўшимча 30 млрд евро ажратмоқчи
13:52 / 19.12.2024
ЕИ суди Дерипаска ва икки банкни санкциялар остида қолдирди
07:52 / 19.12.2024