Жаҳон | 23:32 / 21.11.2024
4458
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия раҳбари самолётда тоби қочган йўловчига биринчи ёрдам кўрсатди

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Ҳанновер Олий тиббиёт мактабида ўқиган, 1991 йилда докторлик даражасини олган.

Фото: Getty Images

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен самолёт бортида тоби қочган йўловчига биринчи ёрдамни кўрсатди. Бу ҳақда Цюрихдан Брюсселга учаётган Swiss Air авиакомпаниясининг LX780 рейси йўловчиларидан бири маълум қилди.

«Йўловчилардан бирига ёрдам керак бўлиб қолганида Брюсселга қайтаётган эдик. Одатдагидек, экипаж тиббиётдан хабари бор инсонлар бор ёки йўқлигини сўради», — дейди Еврокомиссия раҳбарининг ўзи.

Бошқа йўловчиларнинг айтишича, самолёт фавқулодда Брюсселга қўнишни амалга оширган ва беморни шифокорлар кутиб олган. Қолганлар тиббиёт ходимлари фуқарога ёрдам кўрсатгунга қадар ҳаво кемасининг ичида кутиб ўтирган.

Шундан кейин Урсула фон дер Ляйен қора Mercedes’да жўнаб кетган, чунки у расмий тадбирга етиб бориши керак бўлган.

Урсула фон дер Ляйен 1958 йилда Белгияда туғилган. 1978 йилда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабини, 1987 йилда эса Ҳанновер Олий тиббиёт мактабини тамомлаган. У шифокор сифатида ўқиган ва 1991 йилда тиббиёт фанлари доктори илмий даражасини ҳимоя қилган.

Сиёсий фаолиятини 1990 йилда Германия Христиан Демократик Иттифоқи (ХДИ) партиясида бошлаган. 2009 йилдан 2013 йилгача Германия Меҳнат ва жамоат ишлари вазири лавозимида ишлаган. 2013 йилдан 2019 йилгача Германия Мудофаа вазирлигини бошқарган. У бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди.

2019 йилда Урсула фон дер Ляйен Европа комиссиясини бошқарган биринчи аёл бўлди. 2022 ва 2023 йилларда Forbes журнали уни «дунёдаги энг қудратли аёл» деб топди.

Мавзуга оид