11:31 / 06.06.2024
1665

Россиянинг БМТ озиқ-овқат дастурида қатнашиш имконияти чекланди

Россия Федерацияси компанияларига БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурида қатнашиш ҳуқуқи чекланди. Дастур донорлари россиялик етказиб берувчилардан озиқ-овқат харид қилмасликни талаб этмоқда, деди РБК суҳбатдоши.

Фото: AP / Robert Bumstead

Россия компаниялари Россия Федерацияси 2002 йилдан бери иштирок этиб келаётган БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖОД) доирасида озиқ-овқат етказиб бериш бўйича тендерларга киришда чекловларга дуч келди. Бу ҳақда 5 июн, чоршанба куни РБК агентлиги хабар берди. Унинг суҳбатдошларидан бири сўзларига кўра, россиялик етказиб берувчиларнинг ЖОД тендерларида иштирок этиши билан боғлиқ муаммолар 2024 йилда бошланган. Бу маълумотни Россиянинг Жаҳон озиқ-овқат дастуридаги доимий вакили ўринбосари Диляра Равилова-Боровик тасдиқлади. 

ЖОД донорлари Россия етказиб берувчиларидан озиқ-овқат сотиб олмасликни талаб қилмоқда 

«Бир қатор донорлар Жаҳон озиқ-овқат дастурига маблағ ўтказаётганда, уларнинг маблағларини Россияда ишлаб чиқарилган ёки Россия компанияларидан сотиб олинган озиқ-овқатларни сотиб олиш учун ишлатиш тақиқланган, деган шарт қўйди», деб тушунтирди Равилова-Боровик. Натижада, ЖОД ички тизимида ваколатга эга бўлган Россия етказиб берувчилари янги тендерлар тўғрисида баъзи билдиришномаларни олишни тўхтатди. 

Россиядан ЖОДга энг йирик етказиб берувчи Abakan Air компанияси вакили Дмитрий Сухов агентликка сўнгги пайтларда Россияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг дастурда иштирок этишига «рухсат берилмаётганини» айтди.

РФ товарлари улуши БМТ ЖОД барча ташқи таъминоти 20 фоизини ташкил этган

БМТнинг озиқ-овқат дастури доирасида Россия Сурия, Судан, Афғонистон, Фаластин ҳудудлари ва Марказий Осиё мамлакатларига ун, ёғ ва нўхат жўнатган. Россия Федерациясидан озиқ-овқат Жаҳон озиқ-овқат дастурининг барча ташқи таъминоти 20 фоизини ташкил этган, деди дастур ҳамкорларидан бўлган РБК суҳбатдоши.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг етказиб бериш ҳажмидаги юқори улуши маҳсулотлар бошқа етказиб берувчиларга нисбатан 10-15 фоиз арзонлиги билан боғлиқ бўлган ва бу кўпроқ оч одамларни таъминлаш имконини берган. 

РБК суҳбатдоши таъкидлашича, Россия компанияларининг тендерларга кириш имконияти чекланганлиги, Жаҳон озиқ-овқат дастурида «бюджет тақчиллиги»ни ҳисобга олган ҳолда, «сайёрада очликка қарши курашиш қобилияти ҳақиқий пасайишига» олиб келиши мумкин. 

ЖОДнинг энг йирик донорлари - АҚШ, Германия ва ЕИ

БМТ тизимининг бир қисми бўлган Жаҳон озиқ-овқат дастури бутун дунёда очликка қарши курашиш учун 1961 йилда яратилган. Унинг штаб-квартираси Римда жойлашган. ЖОД фаолияти бутунлай ҳукуматлар, ташкилотлар ва шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобига молиялаштирилади. Дастурнинг энг йирик донорлари АҚШ, Германия ва Европа Иттифоқидир. 

Top