20:19 / 12.06.2024
6473

Бенни Ганцнинг истеъфоси: Исроилда сайлов яқинми?

Исроилда уруш кабинети вазири, истеъфодаги армия генерали Бенни Ганц истеъфога чиқди. У бош вазир Бинямин Нетаняҳуни Ғазода режасиз уруш олиб бораётганликда айблаяпти ва навбатдан ташқари сайлов ўтказишга чақирмоқда. Вазиятни Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев шарҳлаб берди.

Бени Ганцнинг истеъфосига асосий сабаблар нималар?

Бектош Бердиев: Ганц агар Нетаняҳу 8 июнгача режа тақдим этмаса, ҳукуматдан чиқишини айтганди. Унинг ҳукуматдан чиқиши Нетаняҳу ҳукуматини маълум маънода кучсизлантиради. Мудофаа вазирига ҳам таъсир кўрсата бошлади, у ҳам ҳукуматдан чиқишни режалаштираётганини маълум қилди. Бош штаб собиқ бошлиғи Айзенкот ҳам Нетаняҳу ҳарбий кабинетидан чиқишини айтяпти. Булар Ганцнинг таъсири, дала қўмондонлари ҳам Ғазодаги ҳукуматдан чиқишини айтяпти. Умуман, ички келишмовчиликлар. Бу чиқишлар Исроил учун фойда эмасдир, лекин Нетаняҳу ҳукуматини заифлаштиради. Шунинг учун Нетаняҳу ҳукуматни сақлаб қолишга уриняпти, айниқса ҳарбийларни. Нетаняҳуни аниқ режаси йўқликда айблашяпти. Ғазони тўлиқ босиб олса ҳам, у ердаги деярли 2,5 млн аҳолини нима қилади? Бу Исроил учун катта муаммо.

Шу сабаблардан келиб чиқиб Ганц Байден режасига кўниш кераклигини айтяпти. Бунинг учун ҳукуматни тарқатиб, сайлов ўтказишни маслаҳат беряпти.

— Икки сиёсатчидан қайси бири кескинроқ, Нетаняҳуми ёки Ганц?

Камолиддин Раббимов: Нетаняҳу радикал ўнг, Ганц эса марказга яқин, нисбатан сўлроқ. Ганцнинг ҳарбий кабинетдан чиқиши сайловларга олиб келмайди. Чунки Исроил парламентар бошқарувда, фракцияси кўп партия ҳукуматни шакллантиради. Нетаняҳу партияси кўпчилик жойни эгаллаб турибди парламентда, фракцияси кам бўлган Ганцнинг кабинетдан чиқиши фавқулодда сайловга сабаб бўлмайди. Лекин фавқулодда сайловларни яқинлаштиради. Ликуд бошчилигидаги коалиция заифлашди. Кимдир яна чиқса ҳукуматдан, автоматик тарзда сайловлар бўлиши керак. Уруш сайлов бекор бўлиши ё сурилишига олиб келмайди.

Ганц қўйган шартлар реал эмасди, ўзи ҳам билган. Бир ой ичида урушдан кейинги режалар тақдим этилиши керак эди, аммо Нетаняҳу тақдим қилолмади, иложи ҳам йўқ эди. Нетаняҳунинг сиёсий мавқейи заифлашиб боряпти, шу сабаб ўзини вазиятдан қутқариш учун шундай талаб қўйганди.

Исроил 4 асирни қутқариб, Нетаняҳу буни катта ғалаба сифатида эълон қилди, шу ҳолатни заифлаштириш учун Ганц ўзининг ҳукуматдан чиқаётганини эълон қилди. Парламентар бошқарувда бундай сиёсий курашлар табиий ҳолат. Мухолифат лидери ҳам Ганцнинг ҳукуматдан чиқишини олқишлади. Ганц ва мухолифат мақсади тахминан куз ойларида навбатдаги сайловларга эришиш бўлади.

Бектош Бердиев: Мамлакатда ҳарбийлар роли катта, Ганцнинг чиқиши кўплаб ҳарбийлар норозилигига олиб келади. Ганцнинг талаби асирларни озод қилиш, лекин буни Нетаняҳу амалга оширолмаяпти. Асосий нарса Исроилдаги мураккаб вазиятда ўзларини оқлаб чиқиб кетишга уринишяпти, барчасига Нетаняҳуни айбдор қилиб қолдиришмоқчи.

— ҲАМАС билан жанг олиб бораётган Исроил ҳаракатларида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

Камолиддин Раббимов: Жиддий тасир қилмайди. Ҳали Исроил Байден режасини қабул қилгани йўқ, халқаро босим давом этяпти Исроилга. Нетаняҳу ҳукумати вазият асири ҳозир. Урушда олдига қўйган бирорта мақсадига эришгани йўқ. Ҳали 4 асирни озод қилди, аммо ўнлаб асирлар бор ҳали, ҲАМАСни эса бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, ғоявий ташкилот у.

Нетаняҳу ҳаракатлари АҚШнинг глобал репутациясига, манфаатларига таҳдид соляпти. Бир томондан ўзининг глобал ҳокимиятини сақлаб қолиш учун араб, мусулмон давлатлари билан муроса қилиши керак, лекин иккинчи томондан Нетаняҳуга ҳам қаттиқ босим қилолмайди, яҳудий лоббиси кучли чунки. АҚШнинг ўзи ҳам вазият асири дейиш мумкин. Шу сабаб ҳам Нетаняҳу бирдан тўхтата олмайди уруш кампаниясини.

Блинкен баёнотларда Исроил рози бўляпти, ҲАМАС рози бўлмаяпти деди. Лекин тескариси, ҲАМАС манфаатларига тўғри келади АҚШ режаси. Информацион босим орқали режа Исроил манфаатларига тўғри келади, ҲАМАСга эмас, деб Исроилни кўндирмоқчи.

— Нетаняҳу кабинетида Ганцнинг лавозимини ким эгаллаши мумкин ва бу номзодларнинг қандай сиёсий йўналиши бор?

Бектош Бердиев: Исроилнинг бутун аҳолиси ҳарбий дейиш мумкин, бу соҳага катта эътибор берилади, Ганцнинг ўрнига ҳам, Айзенкотнинг ўрнига ҳам одамлар бор. Исроилдаги ҳарбийлар урушларда тобланган. Лекин Ганц каби сиёсатчи ҳарбийлар кам. Шу сабаб Нетаняҳу уларни олиб қолишга уриняпти.

Ганц АҚШ режасини қўллаши, урушдан кейинги ҳолат учун аниқ режа ишлаб чиқиш талаблари билан жамият орасида ўз мавқейини мустаҳкамлашга ҳам ҳаракатни кўришимиз мумкин.

— Ганц ўзини Нетаняҳуга муқобил номзод сифатида тайёрламаяптими?

Камолиддин Раббимов: Ганцнинг катта коалиция тузиш имконияти кам. Ганцнинг партияси катта салоҳиятга эга эмас. Ликуд партияси эса ўнг ва ултра ўнгларни йиғган партия, сайловларда барибир салоҳиятини йўқотмайди. Лекин Ганц бошқа мухолифатчилар билан кейинги кабинетда бирор лавозим олишга интилаётган бўлиши мумкин, бутун ҳукуматни битта партия эгаллаб ололмайди. Мухолифат ва Ганц катта муваффақиятсизликларда айблаяпти ва жамиятга бизга имкон берсангиз, биз буни тўғрилаймиз, Исроил репутациясини тиклаймиз, деяпти. Исроил жамиятида сиёсий қарашлар анча барқарорлашган. Шу сабаб яқин ўртада сайлов бўлса, Ликуд партияси барибир яхши ўрин олади.

Исроил ксенофобия билан тўйинган демократик давлат, уларда арабларга нисбатан ксенофобия сақланиб қолаверади. Ганц фавқулодда сайловларга эришиб ва кейинги кабинетда ўзининг мавқейини кучайтиришга ҳаракат қилиши мумкин. Шу сабаб кейинги сайловларда Ганц партияси кўп жойни эгаллай олмайди. Лекин мухолифат билан коалиция тузиб, бирор лавозимни эгаллашга ҳаракат қилаётган бўлса, бу табиий нарса.

— Сайловлар бўлса, Нетаняҳу ҳукуматда қоладими?

Бектош Бердиев: Ҳали сайловни яқинлаштириш анча қийин, менимча. Нетаняҳунинг сиёсий иродасига боғлиқ вазият. Уруш фонида Нетаняҳу ҳукуматни тарқатиб сайлов ўтказишдай қалтис ҳаракат қилмайди. Тўғри, сайлов ўтавериши мумкин, лекин Нетаняҳу рейтинги ҳозир тушган. Шу сабаб Ликуд камроқ овоз олиб қолиши мумкин. Ганцнинг ўрнига бошқани олиб келиб ёки бошқа ишлар билан вазиятдан чиқишга уринади.

Исроил қарорлар қабул қилишда қалтис вазиятга тушиб қолди. ҲАМАСни йўқ қилолмайди, йўқ қилса ҳам, кимни олиб келади ҳокимиятга. Фатҳни олиб келса, Маҳмуд Аббос ҳукумати кучайиб, яна Фаластин давлати ғояси кучаяди. Байден режасига рози бўлса, мағлубиятини тан олган бўлади. Лекин ҲАМАСни ҳам йўқ қилолмайди. Исроил армияси қудрати ҳақидаги тасаввурлар йўқолди. Ғазода Исроил аскарлари ўляпти.

Нетаняҳу мана шу ботқоқдан чиқишни хоҳлайди. Сайловлар бўлса, партияси ўрни пасайиши ёки ўзининг ўрнига бошқа одам кўрсатилиши мумкин. Шунда тарихга ютқазган сиёсатчи сифатида қолади. Шунинг учун ҳам сайловни хоҳламайди ва бунга йўл қўймайди. Ҳукуматни фавқулодда ҳукумат деб эълон қилади уруш пайтида Исроил. Шу фавқулодда ҳукумат бор ҳозир. Сайлов ўтказиш Нетаняҳу, партияларнинг сиёсий иродасига боғлиқ.

Камолиддин Раббимов: Исроилда кучлар нисбати Ганц фойдасига эмас. Нетаняҳу мавқейи қалтислашди. Лекин унинг коалициясида етарлича 64 та аъзо бор. Ганц тарафдорлари 8 та, лекин уларнинг ҳам ҳаммаси чиқиб кетгани йўқ.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top