Соч тўкилиши

Кўпчилик учун бу ҳолат фақат ташқи кўринишдаги ноқулайликдек туюлиб, эстетик муаммо сифатида қабул қилинади Аслида соч тўкилиши ички мувозанат бузилганидан дарак беради, унга сабаб бўлувчи асосий омиллардан бири темир танқислиги, яъни камқонликдир. Танамизда гемоглобин миқдори камайганда тўқима ва аъзолар, жумладан, соч илдизлари ҳам кислородга тўйинмайди. Ушбу вазият сочларнинг ўсишини секинлаштиради, фолликулаларни заифлаштиради ва соч тўкилишини кучайтиради.

Соч ўсишининг табиий ритмини қалқонсимон без фаолияти ҳам бошқаради. Гипотиреоз (қалқонсимон без гормонлари етишмовчилиги) ҳолатида соч ҳужайраларининг янгиланиши секинлашади, фолликулалар “уйқу” режимига ўтади ва толалар заифлашади.

Бундан ташқари, гормонал мувозанатдаги ўзгаришлар, айниқса, поликистик тухумдон синдроми (PTXS) ёки менопауза даври аёлларда кучли соч тўкилишини юзага келтиради. Танада цинк, биотин, темир, D витамини ва B гуруҳи витаминлари танқислиги ҳам соч тўкилишини юзага келтиради.

Қазғоқ

Сочдан оқиш рангли парчалар елкага тўкилса, кўпчилик уни дарҳол шампун ёки ниқоблар билан бартараф этишга уринади. Аслида бу тери остидаги муаммо. Тиббий изланишларга кўра, қазғоқ бош терисида “малассезиа” деб номланган замбуруғларнинг керагидан ортиқ кўпайиши натижасида пайдо бўлади. Ушбу замбуруғлар аслида ҳар бир одамда табиий ҳолатда мавжуд, муаммо уларнинг ҳаддан ташқари фаоллашуви ва иммун тизимнинг бунга қарши кураша олмаслигида. Айнан шу ҳолатни юзага келтирувчи омиллардан бири организмда A, E ва B гуруҳи витаминларининг етишмовчилиги ҳисобланади. Масалан, B6 ва B7 (биотин) танқислиги бош териси ҳужайраларининг янгиланиш жараёнини секинлаштириб, ёғ безлари фаолиятини издан чиқаради. E витамини тери қатламини оксидловчи стресслардан ҳимоя қилади, А витамини бош терисининг ҳимоя функциясида муҳим рол ўйнайди. Танада ушбу моддалар танқис бўлса, бош териси қурийди, яллиғланади ва қазғоқ юзага келади.

Қазғоқ баъзида ичак яллиғланиш касалликларининг илк белгиси сифатида намоён бўлади. Ичак флораси, яъни фойдали бактериялар мувозанати бузилса (дисбактериоз), организмда яллиғланиш кучаяди, иммунитет сусаяди ва бу бевосита терида акс этади.

Қалқонсимон без фаолиятининг яхши ишламаслиги ҳам қазғоқни юзага келтиради. Гипотиреоз ҳолатида танадаги барча модда алмашинуви секинлашади, тери ва соч сувсизланади, ёғ ишлаб чиқариш жараёни издан чиқади. Бу эса қуруқ тери ва синувчан соч, қайта-қайта пайдо бўладиган қазғоқни ҳосил қилади.