Жаҳон | 13:09 / 13.06.2024
5323
9 дақиқада ўқилади

Муаллақ қолган БМТ резолюцияси, Россияга қарши янги санкциялар ва Пашиняннинг КХШТ тўғрисидаги баёноти — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Гарчи БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ президенти Жо Байденнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш таклифини маъқуллаб, резолюция қабул қилган бўлса-да, ҳозиргача на ҲАМАС, на Исроил АҚШ президенти резолюцияда назарда тутилган мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёр эканини расман билдирган.

Гарчи ҲАМАС вакиллари Жо Байденнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш таклифига «ижобий» жавоб берганликларини маълум қилишган, ўз баёнотида Байденнинг режаси Исроил билан келишувга эришиш учун «кенг йўл» очади, деган бўлса-да, Исроил расмийлари ҲАМАС бу режани рад этган, деб ҳисобламоқда.

Исмини ошкор қилмасликни сўраган исроиллик мулозим ҲАМАС Байден режасининг «барча асосий ва энг муҳим шартларини ўзгартирганини», жумладан, «гаровга олинганларни озод қилиш таклифини рад этгани»ни маълум қилган.

ҲАМАС эса яна бир бор «ўз позициясини тасдиқлагани»ни даъво қилмоқда. «Энди тўп Исроил томонида», деган ўз номи сир қолишни истаган Фаластин ҳаракатидаги манба.

Исроил бош вазирининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Офир Фалк июн ойи бошида Исроил режанинг асосий қоидаларига рози эканини, бироқ кўп шартларни ҳали қайта ишлаш зарурлигини айтган эди.

«Бу унчалик яхши келишув эмас, лекин биз ҳақиқатан ҳам барча гаровга олинганларнинг озод этилишини хоҳлаймиз», деб қўшимча қилган у.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси Исроил кескин танқид қилинган ҳисоботни тақдим этди. Комиссия Исроил, шунингдек, Фаластиннинг бир қанча ташкилотларини, жумладан ҲАМАСни уруш жиноятларида айблади.

Комиссиянинг тақдим этилган ҳисоботида айтилишича, Исроил «инсониятга қарши жиноятларни, фаластинлик эркак ва ўғил болаларни йўқ қилиш, ўлдириш, жинсий таъқиб қилиш, мажбуран кўчириш, қийноқлар, ғайриинсоний ва шафқатсиз муносабатни» содир этган.

Комиссия, шунингдек, Фаластиннинг ҲАМАС ва яна бошқа олти қуролли гуруҳининг 7 октябр кунги ҳаракатлари, шунингдек, Исроилга қарши давом этаётган ракета ҳужумлари ҳам уруш жинояти сифатида баҳоланганига диққат қаратди.

Ҳужжатда «ҲАМАС ва Фаластин қуролли гуруҳлари ракета ҳужумларини зудлик билан тўхтатиб, барча гаровга олинганларни озод қилишлари керак», дейилади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ғазода тинч аҳоли орасида «катта» қурбонлар, фуқаролик объектлари ва инфратузилмаларининг кенг миқёсда вайрон бўлиши Исроилнинг фарқлаш, мутаносиблик ва эҳтиёткорлик тамойилларини эътиборсиз қолдириб, максимал зарар етказиш ниятида амалга оширган стратегиясининг муқаррар натижасидир.

Комиссия раиси, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари Нави Пиллэй айтишича, Исроил зудлик билан ўз жанговар ҳаракатларини тўхтатиши, ҲАМАС эса Исроил ҳудудига ракета отишни бас қилиши керак.

Тел-Авив комиссиянинг текширувлари ва жанговар ҳудудга киришига тўсқинлик қилган. Ушбу ҳисобот 19 июн куни Женевада бўлиб ўтадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 56-сессиясида давлатларга тақдим этилади.

«Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга ҳужуми

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўзининг юқори мартабали қўмондони Толиб Сами Абдуллоҳ Исроил махсус кучлари томонидан йўқ қилингач, Исроил шимолига 100 дан ортиқ ракета учирди.

Ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналлари Жалиланинг кўплаб аҳоли пунктларида, жумладан Сафед ва Тиберия шаҳарларида янгради, деб ёзади The Jerusalem Post.

The Times of Israel газетаси ЦАҲАЛга таяниб, Ливан ҳудудидан Исроил шимолига камида юзта ракета учирилганини аниқлаштирди. Бу 2023 йилнинг октябридан ЦАҲАЛнинг ҲАМАСга қарши уруши бошланганидан бери «Ҳизбуллоҳ» томонидан амалга оширилган энг йирик ҳужумлардан биридир.

Исроил армияси маълумотларига кўра, Ливандан отилган 90 га яқин ракета мамлакат ҳаво ҳудудини кесиб ўтган, уларнинг бир қисми тутиб олинган, қолганлари бир неча жойга тушиб, ёнғин чиқишига сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Аввалроқ Исроил Ливан жанубига ҳужум уюштирилгани, натижада «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондони Толиб Сами Абдуллоҳ ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Хабарларга кўра, у «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий тузилмасида «генерал» лавозимини эгаллаган ва гуруҳнинг Ғазо секторидаги уруш чоғида ўлдирилган энг юқори мартабали қўмондонидир.

Sky News телеканалига кўра, Толиб Сами Абдуллоҳ ва унинг шериклари жойлашган бинога берилган зарба натижасида «Ҳизбуллоҳ»нинг яна камида уч қўмондони ҳалок бўлган.

Россияга қарши санкциялар

АҚШ Россия ва бошқа мамлакатлардаги Украинага қарши урушига ёрдам берган компаниялар 33 шахс ва 300 га яқин компанияларга қарши санкциялар жорий этди. Бошқалар қаторида, Москва биржаси ва Миллий клиринг марказига нисбатан санкциялар жорий этилди.

12 июн куни эълон қилинган АҚШ Молия вазирлиги хабарига кўра, чекловлар қўйилган юридик шахслар орасида Хитой, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Болгария, Сербия, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларус ва Британия Виржиния ороллари компаниялари бор.

Шунингдек, Россия валюта бозорида доллар савдосида воситачи бўлган бир қатор Россия молия институтларига, хусусан, Москва биржаси, Миллий клиринг маркази ва Миллий ҳисоб-китоб депозитарийсига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди.

Яна «Согаз» суғурта компанияси ва Россия миллий қайта суғурта компанияси ҳам АҚШ чекловлари остида қолди. 100 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар Россия энергетика, металлургия ва тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш билан шуғулланаётгани, шунингдек, илгари киритилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам бергани сабабли рўйхатга киритилган.

Қора рўйхатга, шунингдек, россиялик ишлаб чиқарувчи учун олтин ювиш билан шуғулланувчи, дрон ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватловчи, Россиянинг кимёвий ва биологик қуроллар дастури учун нозик ва муҳим материалларни сотиб олувчи 10 дан ортиқ трансмиллий тармоқлари ҳам киритилган. Қўйилган санкциялар, шунингдек, Россиянинг суюлтирилган газ сотишдан келадиган даромадларини чеклашга қаратилган.

Россияда доллар кўтарилди

АҚШ санкциялари эълон қилинганидан сўнг Москва биржаси 13 июндан бошлаб доллар ва евро савдосини тўхтатишини эълон қилди.

Бунинг ортидан Москвада доллар курси 2 баробар ошди. Айрим валюта айирбошлаш шохобчаларида нақд доллар курси 200 рублгача кўтарилгани таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, Москвадаги бир қатор айирбошлаш шохобчаларида евро сотиб олиш курси ҳам ошган – 160 рублгача.

12 июн Россияда байрам куни бўлгани сабабли, Москва биржасида валюта савдолари ўтказилмади. 11 июн кунги савдолар якунларига кўра, Москва биржасида доллар курси 89,1 рублни ташкил қилган эди.

Россия Марказий Банки доллар ва евро битимлари биржадан ташқари бозорда амалга оширилишини маълум қилди.

Россияликлар Қорабоғни тарк этди

Озарбойжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингентини Қорабоғдан олиб чиқиб кетиш жараёни якунлагани ҳақида хабар берди.

«Озарбойжон ҳудудида вақтинча жойлашган Россия тинчликпарвар контингентини мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиш жараёни тўлиқ якунланди», дейилади Озарбойжон Мудофаа вазирлиги баёнотида.

2020 йилги Арманистон-Озарбойжон урушидан сўнг Қорабоғга жойлаштирилган Россия тинчликпарвар кучлари ҳудудни тарк этгани хабар қилинмоқда. 1960 аскардан иборат тинчликпарвар кучлар Арманистонга кетгани таъкидланмоқда.

Озарбойжон, Арманистон ва Россия ўртасидаги уч томонлама келишув асосида 2020 йилдан бери Тоғли Қорабоғда Россиянинг 1960 аскардан иборат тинчликпарвар кучлари жойлашган эди. Улар ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини назорат қилиш билан шуғулланди.

Шу йилнинг 17 апрел куни Россия ўз тинчликпарвар кучларини минтақадан олиб чиқишни бошлаган эди. Улар Арманистонга ўтказилган. Эслатиб ўтамиз, Арманистоннинг Гюмри шаҳрида Россия қуролли кучларини ҳарбий базаси бор.

Бу орада, Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбойжонга қарши урушда ёрдам қўлини чўзмаганини рўкач қилиб, Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини тарк этишини эълон қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинроқ Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян мамлакатнинг КХШТдан чиқиши ҳақидаги маълумотни рад этиб, бош вазир Никол Пашинян бу ҳақда гапирмаганини таъкидлаб чиқиш қилди.

Мавзуга оид