16 июн куни тонгда Ростов шаҳридаги 1-сонли тергов изоляторида маҳбуслар Федерал жазони ижро этиш хизматининг (ФСИН) икки ходимини гаровга олди.

Россия ахборот агентликлари тарқатган хабарга кўра, жиноятчилар автомашина сўрашган ва изоляторни тарк этишга қаршилик қилмасликни талаб қилишган.

«Россия Федерал жазони ижро этиш хизматининг Ростов области бўйича 1-сонли тергов ҳибсхонасида гаровга олинганларни озод этиш бўйича махсус амалиёт давомида жиноятчилар йўқ қилинди, гаровга олинган ходимлар озод этилди ва уларга зарар етмаган», — дея ФСИН матбуот хизматидан иқтибос келтиради Россия ахборот агентликлари.

Бундан бироз олдинроқ тергов ҳибсхонаси биноси ҳудудида интенсив отишма овозлари эшитилган, кейин бинога тез ёрдам машиналари кириб борган.

Шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, изоляторга олиб борувчи кўчаларда транспорт воситалари ҳаракатланиши тўхтатилган; автомобиллар эгалари ва жамоат транспорти айланма йўлларга йўналтирилган.

1-сонли тергов изолятори – қадимий бино бўлиб, у Ростовнинг қоқ марказида, Горкий ва Киров проспектлари кесишмасида жойлашган.

Федерал жазони ижро этиш хизматининг ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда бошқарма бошлиғи, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва прокуратура вакиллари воқеа жойида бўлиб турибди ҳамда гаровдагиларни озод этиш бўйича музокараларда иштирок этишмоқда.

Хабарларга кўра, гаровга олганлар сони беш ёки олти кишидан иборат – уларнинг барчаси олдин ҳам судланганлар ёки «террорчилик» тўғрисидаги моддалар бўйича айбланган. Манбаларга кўра, улар резина дубинкалар, тиғли қуроллар ва ўт ўчирувчиларнинг болталари билан қуролланган.

Агентлик жиноятчилар орасида ИШИДга алоқадор бўлган шахслар ҳам борлигини қўшимча қилган.

Хабар қилишларича, жиноятчилар камерадаги панжараларни синдириб, навбатчилик хонасига киришга муваффақ бўлган, улар бу ерда икки кишини – оператив ходим ҳамда инспектор-назоратчини қўлга олишган.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Ева Меркачеванинг сўзларига кўра, гаровга олинганлар орасида ФСИН ҳудудий бошқармаси оператив бўлим бошлиғи Александр Богма ҳам бор.

«У якшанба куни тергов изоляторида нима қилаётгани тушунарсиз. Эслатиб ўтаман, дам олиш кунлари судга ёки тергов ҳаракатларига, шунингдек адвокат билан ёки яқинлар билан учрашишга ҳам олиб кетилмайди», — дея ёзган у ўз телеграм-каналида.