Темирйўллар қурилиши XIX аср бошларида бошланган бўлса-да, кейинчалик автомобил транспорти ривожланганда ҳам унинг аҳамияти пасаймади. Ҳанузгача у турли юкларни ва йўловчиларни ташишда муҳим транспорт воситаси бўлиб қолмоқда.

Бугун дунёнинг 140 давлатида темирйўллар бор. Маълумотларга кўра, 2023 йилда дунё бўйлаб ташилган юкларнинг 23 фоизи темирйўллар орқали ташилган.

Темирйўлларда юк ва йўловчи ташишда АҚШ, Хитой, Россия, Канада, Ҳиндистон, Германия, Франция, Аргентина, Австралия ва Бразилия каби давлатлар етакчилик қилади.

ХХ аср ва XXI асрнинг бошларида дунёдаги энг узун темирйўл йўналиши Транссибир йўналиши эди. Бу йўналиш Москвадан Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳригача борарди.

2014 йилда Хитой томонидан “Янги ипак йўли” номи билан янги темирйўл йўналиши очилди. Бу йўналишда поезд Хитойнинг Иу шаҳридан Испания пойтахти Мадридгача боради. Унинг умумий узунлиги 13 052 километрни ташкил этади.

“Янги ипак йўли” бир муддат дунёдаги энг узун темирйўл йўналиши бўлиб турди. 2021 йилга келиб Лаоснинг Ботен ва Виентян шаҳарлари ўртасида 414 километрлик темирйўл участкаси фойдаланишга топширилди.

Шундан сўнг Сингапурдан Португалиягача бўлган масофада дунёнинг энг узун темирйўл линияси пайдо бўлди. Бироқ “Янги ипак йўли” линиясидан фарқли равишда Сингапур-Португалия йўналишида поездлар қатнамайди.

The Times нашрининг хабар беришича, Лаосдаги темирйўл участкаси битгандан сўнг Лиссабондан Сингапургача бўлган 18,6 минг километрлик йўлни поездда Париж, Москва ва Пекин орқали 3 ҳафтада босиб ўтиш мумкин бўлади.

Маълумот учун, Лаосдаги йўлни “Бир камар бир йўл” дастури доирасида Хитой қуриб берган. Қурилиш ишлари 5 йил давом этган ва унга 6 млрд доллар маблағ сарфланган.

Қуйида дунёнинг энг узун темирйўл йўналишлари ҳақида маълумот берамиз.

10. Шанхай – Лхаса 4 373 километр

Хитой шарқидаги Шанхай шаҳридан унинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган Тибет пойтахти Лхаса шаҳрига юрадиган поезд Хитойнинг саккизта провинциясидан ўтади.