Жаҳон | 23:10 / 15.12.2021
8000
3 дақиқада ўқилади

Лиссабондан Сингапурга 3 ҳафтада: дунёдаги энг узун темир йўл йўналиши пайдо бўлди

Фото: Michael Sohn / AP

Лаоснинг Ботен ва Вьентьян шаҳарлари ўртасида темир йўл участкаси фойдаланишга топширилиши ҳисобига темир йўл транспорти тарихидаги энг узун йўналиш пайдо бўлди. Эндиликда Португалия пойтахти Лиссабондан Сингапургача бўлган 18,65 минг километрлик йўлни поездда Париж, Москва ва Пекин орқали 3 ҳафтада босиб ўтиш мумкин бўлади, деб хабар берди The Times нашри.

Лаос учун ушбу йўналишнинг охирги қисмини Хитой “Бир камар, бир йўл” дастури доирасида қуриб берди. 414 кмлик йўлни қуришга 5 йил вақт ва 6 млрд доллар сарфланган. Ушбу темир йўл қисмининг пайдо бўлиши Ҳиндихитой яриморолида денгизга чиқишга эга бўлмаган ягона давлат – Лаос билан нафақат боғланиш имкониятини берди, балки унинг ҳисобига дунёдаги энг узун темир йўл йўналиши пайдо бўлди.

Ушбу йўналиш Португалиядан Сингапургача 13 та давлат ҳудудидан ўтади. Йўналишни Португалиянинг Лагуш шаҳридан бошлаш мумкин. У ердан поездда Лиссабонгача, сўнгра Мадридгача бориш, Испания пойтахтидан эса яна бошқа поездда Парижгача ва йўналишни шу тариқа давом эттириш мумкин.

Россия ҳудуди орқали йўналиш Транссибир магистрали орқали ўтиб, сўнгра Мўғулистонни кесиб ўтади ва Хитой томон йўналади.

The Times’нинг ҳисоб-китобларига кўра, бир поезддан иккинчи поездга ёки бир вокзалдан иккинчи вокзалга ўтиш ҳамда баъзи шаҳарлар орасида поездлар ҳар кун қатнамаслиги ва шу сабабли керакли поездни кутишга тўғри келишини ҳисобга олса, бутун йўналишни ўтиш учун 3 ҳафта вақт кетади. Шу билан бирга, йўналишнинг баъзи жойларида юқори шинамликдаги, баъзи жойларида эса тезюрар поездларда, яна бошқа жойларида эса, мисол учун Тайланддаги каби, ҳар бир қишлоқда тўхтайдиган шаҳарорти поездларида юришга ҳамда Тайланддаги 20 кмлик қисмни автобусда босиб ўтишга тўғри келади.

Халқаро темир йўл ташувлари бўйича эксперт Марк Смитнинг таъкидлашича, ушбу йўналиш талабгир бўлади, бироқ кўпчилик йўловчилар уни Лагушдан эмас, балки Лиссабондан ёки ҳаттоки Лондондан бошлашни афзал кўришлари мумкин. Йўналишни Лондондан бошловчилар Парижгача бориб, сўнгра у ердан йўлларини давом эттиришлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид