Евро-2024 турнирида В гуруҳи учрашувлари ҳам якунланди. Испания 100 фоизлик натижа билан бирини бўлди, Италия иккинчи ўринни эгаллади, Хорватия – учинчи ўринга жойлашди, Албания чамоданларини тайёрламоқда. Қуйида ҳар кунги дайжестда сўнгги тур ўйинларидаги воқеалар ҳақида.

Евро-2024. В гуруҳи. 3-тур.

Испания иккинчи таркиб билан ҳам ғалабага эришди

Албания — Испания 0:1
Гол: Торрес (13).
Албания – Стракоша, Балиу, Жимсити, Айети, Митай, Лячи (Бериша, 70), Байрами (Хожа, 70), Рамадани, Аслани, Асани (Мучи, 81), Манай (Броя, 59).
Испания – Райя, Навас, Лапорт (Ле Норман, 46), Вивиан, Грималдо, Мерино, Олмо (Баэна, 84), Субименди, Ойарсабал (Фермин Лопес, 62), Ферран Торрес (Ямал, 71), Хоселу (Мората, 72).
Огоҳлантиришлар: Байрами (66), Бериша (89), Вивиан (90).

Дастлабки турларда ғалаба қозонган испанлар гуруҳда муддатидан олдин биринчи ўйинни нақд қилганди ва Албанияга қарши ўйинга амалда тўлиқ янгиланган таркиб билан чиқди — фақат Эмерик Ляпорт Италия билан ўйинда ҳам бошланғич таркибда ўйнаганди. Олдинги ўйин билан таққослаганда таркибда 10 футболчи алмаштирилиши турнир тарихида бунгача фақат икки марта кузатилганди.

Ўзига берилган имкониятдан Ферран Торрес тўлиқ фойдаланди. «Барселона» ҳужумчиси 13-дақиқада Дани Олмонинг анча ортдан узатиб берган ажойиб пасидан кейин ҳисобни очди. Ферран учун бу гол Евродаги учинчи гол (олдинги иккитасини олдинги турнирда урган) — «қизил фурия»да бундан кўпроқ голни фақат Алваро Мората, Фернандо Торрес ва Давид Виля уришган.

Испания танаффусга қадар мунтазам равишда рақиб дарвозасига хавф солиб турди, аммо барча вазиятлар ҳам дарвозага зарба беришгача етиб бормади. Шу билан бирга, Де Ла Фуэнте жамоаси тўпга тўлиқ эгалик қилишга ҳаракат қилмади — 41 га қарши 59. «Бургутлар» эса вақти-вақти билан ташаббусни қўлга олиб, ўйинни назорат қилишди, аммо Давид Райя дарвозасига хавф сола олмади.

Албанлардаги иштиёқ қаергадир йўқолиб қолганди — жамоа гол ўтказиб юборганидан кейин ҳам олдинга ташланмади. Танаффусдан кейин эса «қизил фурия» ташаббусни тўлиқ қўлга олди, аммо улар ҳам таваккалчилик қилмади ва иккинчи голни уришга интилмади. Кейинги 45 дақиқаликда испанлар захира ўриндиғида Де Ла Фуэнте ўрнида Гарет Саутгейт ўтиргандек эди — у ҳам гол ўтказмаслик ва минимал ғалабани ушлаб қолишга эътибор қаратиб, якунда плей-оффга юз фоизлик натижа билан чиқди. Албания эса уйга қайтади.