Ўзбекистон | 21:11 / 28.06.2024
5540
6 дақиқада ўқилади

28 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Чорсудаги ёнғин, қаҳрамонлик кўрсатган футбол жамоаси вакили, парранда гўшти экспортига бекор бўлаётган чекловлар ва Ёшлар агентлигига қўшимча функциялар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз. 

Чорсу бозоридаги ёнғин

Бугун, 28 июн куни соат 01:12 да Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Беруний кўчасида жойлашган Чорсу бозори ҳудудидаги савдо дўконларида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган.

12 та ёнғин-қутқарув экипажи орадан 5 дақиқа ўтар ўтмас воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 02:22 да қуршаб олинган ва 02:47 да тўлиқ бартараф этилган.

Ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмаган.

Вазият тўлиқ назоратга олинган. Ҳодиса жойига фавқулодда вазиятлар вазири етиб борган.

Ҳодиса жойида фавқулодда вазиятлар вазири ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари ўрганиш ишларини олиб бормоқда. 

Футбол клуби ходими инсонни чўкишдан сақлаб қолди

Бекободнинг «Металлург» футбол клуби массажчиси Даниэл Коршунов 27 июн куни қаҳрамонлик кўрсатиб, бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди.

Коршунов ҳар куни эрталаб ва кечқурун клуб қароргоҳи ёнидан ўтувчи канал бўйлаб сайр қилишга одатланган. Уни яқин атрофда яшайдиганларнинг барчаси яхши таниб қолишган.

Кеча ҳам у одатга кўра сайрга отланди. Бу гал «прогулка»га ҳамкасбини ҳам чорлади. Сув ёқалаб кетишаётганида бирдан кимнингдир каналда бир кўриниб, бир кўринмай чўкаётганига кўзи тушишди. Даниэл ўйлаб ўтирмасдан ўзини каналга отди, чўкаётган болага бир зумда етиб борди ва уни қирғоқ томон судради. Канал чети сув қолдиқлари боис сирпанчиқ ҳолатга келиб қолган. Қўрқувга ботган болакай эса янада оғирлашиб кетган. Уни амаллаб қирғоққа узатди. Аммо ўзи ҳам ҳолдан тойди.

Шунда ёрдамга етиб келганлар Даниэлга қўл узатишди. Қутқариш «операцияси» муваффақиятли якунланди...

Бекободга иш юзасидан Зафар шаҳридан келган отахон фарзандини қутқарган йигитларга миннатдорчилик учун сўз топа олмай, кўзларида ёш ҳалқаланди. Даниэлни тинимсиз дуо қилди...

«Ўз навбатида бир инсон умрини сақлаб қолган жамоамиз йигитларига биз ҳам ташаккур айтамиз. Аллоҳ Сиздан рози бўлсин, йигитлар!» — деб ёзади Бекобод клуби матбуот хизмати. 

Аҳоли учун яна бир қулайлик

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида аҳолидан қайта ишланадиган чиқиндиларни харид қилиш шохобчаси барпо этилди.

«Нурчи» МФЙда жойлашган Zero waste давлат-хусусий шериклик битими асосидаги санитар тозалаш корхонасига қарашли ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи замонавий чиқинди йиғиш шохобчасида қурилди. Бу ерда республикада илк бор илгари сурилаётган — аҳолидан қайта ишланадиган чиқиндиларни харид қилиш тажрибаси йўлга қўйилди.

Замонавий чиқинди йиғиш шохобчаси қурилишида, асосан, чиқиндига айланган юк ташишга мўлжалланган контейнерлар, шиша идишлар каби фойдаланишдан чиқарилган хомашёлардан фойдаланилган. Чиқинди йиғиш майдончасини электр билан таъминлаш учун қуёш панеллари ўрнатилган. Шохобчада ишчи-хизматчи яшаши ва ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Дўкон ҳам ташкил этилган.

Президент фармонига кўра, 2024−2026 йилларда Тошкент, Ангрен ва Бухоро шаҳарлари ҳамда Тошкент туманида чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига саралаган ҳолда йиғиш бўйича тажриба ўтказилиши ҳамда ушбу турдаги чиқиндиларни йиғиш учун алоҳида пакетлар аҳолига бепул берилиши қайд этилган.

Кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқинди йиғиш майдонларида «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари аҳолидан сотиб олиниши белгиланган. 

Ёшлар агентлигига қўшимча функциялар

Президент қарорига кўра, Ёшлар ишлари агентлигига қўшимча функциялар юкланди. Энди агентлик хусусий ўқув марказлари рейтингини шакллантирадиган бўлди.

Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юкланди:

- ёшларни хорижий тилларга ўқитиш жараёнларини такомиллаштириш, талаб юқори бўлган чет тилларини мукаммал ўзлаштириш учун шароитларни кенгайтириш;

- хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТ, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари (хусусий ўқув марказлари), ушбу йўналишда фаолият юритувчи бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, соҳадаги муаммоларни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тайёрлаш;

- хусусий ўқув марказлари рейтингини шакллантириш ҳамда рейтингда юқори ўринни эгаллаганларни рағбатлантириш;

- ёшлар орасида касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганишни тарғиб қилиш, ушбу йўналишдаги ижтимоий лойиҳалар, кўрик-танлов ва олимпиадаларни ташкил этиш. 

Парранда гўшти экспортига рухсат

Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан парранда гўштини экспорт қилишда мавжуд барча чекловлар бекор қилинади.

Кооперация тизимига асосланган “Агропарранда кластери” лойиҳаси амалга оширилади.

2030 йил 1 январгача паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини (экин майдонларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.

2024 йил 1 июлдан парранда гўштини экспорт қилишда мавжуд барча чекловлар бекор қилинади.

2024 йил 1 октябрдан янги сўйилган, совитилган ёки музлатилган уй паррандаси гўшти ва қўшимча озуқабоп маҳсулотлари Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда белгиланган божхона божи бўйича берилган имтиёз бекор қилинади. 

Мавзуга оид