Ўзбекистон | 21:10 / 02.07.2024
9067
9 дақиқада ўқилади

Прокурор жазо ўзгаришсиз қолдирилишини сўради. “Док-1 Макс” судидан репортаж

“Док-1 Макс” иши бўйича апелляция инстанцияси судининг музокара босқичида адвокат ва судланувчилар нутқи тингланди. Улар суддан оқлов ва енгиллик беришни, прокурор эса биринчи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдиришни сўради.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Суд мажлиси аввалида ҳиндистонлик судланувчининг адвокати Даврон Аҳмадов музокара сўзида “Зарур амалиётлар маркази” ДУК директори Азиз Дўсматовга нисбатан жиноий иш қўзғатишни, ҳиндистонлик судланувчига нисбатан эса оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

“Сиропни фақат икки марта қабул қилган икки нафар беморда ёки қабул қилолмай қусиб ташлаган беморларда ҳам ўлим ҳолати кузатилган. Уларда буйраклар касалланиши ёки ўлим кузатилиши бу – айнан “Док-1 Макс” сиропидан келиб чиққанига шубҳа уйғотади.

Азиз Дўсматов судга ёлғон кўрсатма бериб кетган. Шу кўрсатма билан судланувчиларга айб эълон қилиняпти. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатишингизни сўрайман”, дейди адвокат Аҳмадов.

Яна бир судланувчи Шодмоновнинг адвокати жиноят ишида айнан айбдорлар жазоланиши, айбсизлар озод этилиб, оқланиши кераклиги ва қонуний асосда ҳукм чиқарилиши кераклигини таъкидлади.

Сардор Кариевнинг адвокати Темур Раҳматов сўзга чиқиб, ҳимояси остидаги судланувчи шу пайтгача бирон марта кўрсатмасини ўзгартирмагани ва Кариев номидан факсимил имзо қўйилганини билдирди.

“Биринчи инстанция судида Экспертлар кенгаши котиби У.Темировга адвокат томонидан “Раиссиз ўтмаганми, ушбу ўринбосарлар раис бўлиб ўтказармиди?” деб берилган саволга – “Ўтказарди” деб жавоб бериб, “Мажлислар раиссиз ўтмаганми?” деган саволга – “Йўқ, раиссиз ўтмаган. Раис бўларди” деб таъкидлаб, “С.Кариев бўлмаганда шунда ўринбосарлар раис бўлиб ўтардими, майли, С.Кариев баённомага имзо қўйса ҳам?” деган саволга – “Ўтарди” деб таъкидлаган.

Шунинг учун ҳам, С.Кариев 2022 йил март ойида АҚШда хизмат сафарида бўлгани сабабли, унинг ўринбосари М.Иноятов раҳбар вазифасини вақтинча бажариб, айнан ушбу Низом талаби асосида Экспертлар кенгаши йиғилишдаги раислик вазифасини ҳам вақтинча бажариб, йиғилишни раис сифатида ўтказиб, баённоманинг С.Кариев томонидан имзоланишини кутмасдан, ўзи раислик қилган 6-сонли Экспертлар кенгаши давомида қабул қилинган қарор асосида “Док-1 Макс” гувоҳномасига имзо қўйган.

Экспертлар кенгаши котиби У.Темиров эса кенгаш баённомасини раислик қилган Иноятовга имзолатмасдан, С.Кариев сафардан қайтгандан кейин унга имзолатиб кетган.

Шунинг учун, С.Кариев мажлис баённомасини бир неча кун ўтиб, АҚШдан хизмат сафаридан қайтганидан сўнг имзолагани, “Док-1 Макс” дори воситасига гувоҳнома бериб юборилишига умуман сабабий боғлиқликда бўлмаган ҳолатдир”, деди адвокат Темиров.

Адвокат Улуғбек Латипов музокара сўзида суддан судланувчи Кариевни тўлиқ оқлаб, суд залидан озод қилишни сўради.

“Судлов ҳайъати эътиборини апелляция инстанциясида сўроқ қилинган Ибрагимов Авазнинг кўрсатувларига қаратмоқчимиз. Биринчи инстанция судида “хизмат сафарида бўлгани сабабли” сўроқ қилинмаган Ибрагимов Аваз ниҳоят апелляция инстанциясида Кариевнинг адвокатлари илтимосига биноан гувоҳ сифатида сўроқ қилинди. Унинг кўрсатувлари соҳа мутахассиси сифатида иш учун айниқса муҳим деб ҳисоблаймиз.

Ибрагимов Аваз Бахтиярович – Зарур амалиётлар маркази директорининг ўринбосари, фармацевтик инспекция соҳасида 14 йилдан буён ишлаб келмоқда.

Биринчи инстанция суди ўз ҳукмида Зарур амалиётлар маркази директори А.Дусматовнинг "Агар мен “Кураракс” таблеткаси бўйича ўзим инспекцияга борганимда, “Док-1 Макс” сиропида ишлатилган зарарли ЭГ ва ДЭГ моддаларини аниқлардим” деган кўрсатувларига, аниқроғини айтсак, тахминий фаразларига асосланди.

Бироқ апелляция инстанциясида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган А.Ибрагимов ўз раҳбари А.Дусматовнинг кўрсатувларига мутлақо қарама-қарши кўрсатувлар бериб, таблетка линиясини текширишга борган ходимлар олдиндан тасдиқланган дастурдан четга чиқишга ҳақли эмаслигини, бундан ташқари ишлаб чиқарувчи унга аризада кўрсатилмаган сироп, суспензия ёки бошқа бирор линияни ҳам текширишига йўл қўймаслигини, халқаро амалиёт шундай шаклланганини баён қилди.

Очиғи, ҳатто биз ҳимоячилар ҳам, А.Ибрагимовдан судда бундай одилона ва аниқ, қолаверса, ўз раҳбарининг кўрсатувларини буткул инкор қиладиган жавоблар беришни кутмаган эдик.

Мана, энди шундай вазиятда суд қайси мутахассиснинг кўрсатувларини инобатга олиши керак? Фаолияти давомида юзга яқин инспекцияга чиққан Ибрагимовнингми ёки бор-йўғи бир марта хорижий инспекцияда қатнашган Дусматовнингми?” деди адвокат Латипов.

Судланувчи Кариевнинг яна бир ҳимоячиси Аброр Набиев сўзга чиқиб, судланувчига қўйилган айбловлар таҳлилига киришди.

“Бир неча ой давомида олиб борган суд тергови натижасида С.Кариевнинг ҳаракатларида, тергов хулоса қилган айбловни исботловчи бирорта ҳам объектив воқелик аниқланмади. Ҳаттоки, тергов версияси бўйича кетган тақдиримизда ҳам Кариев алоқадор қилиб кўрсатилаётган у ёки бу вазиятларда шахсларнинг ҳаракатлари билан юз берган оқибат ўртасида сабабий боғланиш йўқлиги кўриниб турибди.

Масалан, суд тергови давомида аниқланишича, дори воситаларининг сифатини назорат қилиш авваламбор давлат фармакопеяси ва халқаро тан олинган фармакопеялар асосида шакллантирилган норматив ҳужжат бўйича қилинади. Ушбу норматив ҳужжатда қайд этилиши шарт бўлган синов кўрсаткичлари Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган “Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент” талаблари асосида шаклланади. Ушбу регламентда эса сироп шаклидаги дори воситаси таркибидаги ёрдамчи моддаларга нисбатан ҳеч қандай синов кўрсаткичлар талаб қилиниши белгиланмаган. Бундай амалиёт халқаро тажрибада, ривожланган давлатларда ҳам ўз аксини топган.

Аслида, “Док-1 Макс” ва “Амбронол” (сироп) дори воситалари ножўя таъсири туфайли болалар ўлими юз бераётгани сабабли, 2022 йил декабр ойи охирларида дорихоналардан намуналар олиниб, марказда лаборатория текширувлари белгиланган тартиб ва усулларда ўтказилганида, дори воситаси таркибида дастлаб этиленгликол ва диэтиленгликол моддалари топилмагани, қачонки янги, илгари қўлланмаган усуллар татбиқ қилиниб, текширув доираси кенгайтирилган ҳолда дори воситаси ичидаги ёрдамчи моддалар текшириб кўрилганидан сўнггина зарарли деб таъкидланаётган этиленгликол ва диэтиленгликол моддалари топилгани барча учун ушбу жиноят иши бўйича асосий баҳо берувчи фактор сифатида доимий равишда эътиборда туриши керак.

Шу билан бирга, суд Жиноят кодексининг 186-3-моддаси диспозициясида кўрсатилган жиноятнинг юридик тавсифини умуман келтирмасдан, яъни била туриб сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқарган, тайёрлаган, олган, сақлаган, ташиган ёки ўтказганини кўрсатувчи бирорта ҳам ибораларни келтирмасдан, лекин айблов қарорининг якуний қисмида С.Кариевни Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а, б” бандларида кўрсатилган жиноятни содир қилган деб хулоса чиқариб қўяверган”, деди адвокат Набиев.

Музокара босқичида давлат айбловчиси биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукмнинг ўз кучида қолдирилишини сўради.

Судланувчи Кариев музокара нутқида ҳеч кимга ноқонуний топшириқ бермаганини айтиб, суд маслаҳатга кириб кетганда жиноят ишига чуқурроқ кириб, барча кўрсатмаларга баҳо беришини сўради.

Судланувчи Азимов ўтган бир ярим йил давомида ўзига тегишли хулосани олгани, 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ҳисобга олиниб, суддан енгиллик беришни сўради.

Судланувчилар Мусаев ва Шодмонов ҳам суддан енгиллик беришни, ҳиндистонлик судланувчи тўғри ҳукм чиқаришни, Абдуғаниев ишнинг унга оид қисмини бекор қилиб ҳукм чиқаришни, судланувчи Мирзаёқубов эса суддан ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Суд 3 июлга қадар танаффус эълон қилди. Кейинги суд мажлисида судланувчиларга сўнгги сўз берилади.

Мавзуга оид