Ўзбекистон | 18:15 / 14.06.2024
24884
4 дақиқада ўқилади

“Қарор чиққан кундан тўловни бошлайман” – Мунира Кариева товон пулини қоплаб бериш борасида сўзида туришини маълум қилди

14 июн куни “Док-1 Макс” иши бўйича давом этган апелляция судида Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева шахсан иштирок этиб, жабрланувчиларга товон пули тўлаб бериш фикридан қайтмаганини, дастлабки тўловда уларнинг ҳар бири 100 млн сўмдан олишини билдирди. Шунингдек, у “Док-1 Макс” ишидаги асосий айбдор Дубайда дам олиб юрганини таъкидлади.

Бугун “Док-1 Макс” иши бўйича апелляция суди давом этди. Унда Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева қатнашди.

Мунира Кариева суддан яна бир бор ўғли Сардор Кариевга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланса, жабрланувчиларга товон пулини тўлаб беришини маълум қилди.

“Биз ҳам қийналдик, болаларим ҳам қийналди, ҳамма қийналди. Лекин назаримда ҳозирда иш тўғри тарафга юришни бошлади. Мен кузатиб туриб, она сифатида жабрланувчиларнинг ота-оналарига нима қилсам ёрдам бўлади деб ўйладим.

Бу жараён ҳали давом этади, биламан. Халқаро миқёсига чиқдик, бунга йиллаб вақт керак бўлади. Шунинг учун имкониятдан келиб чиқиб, жабрланувчиларга товон пулини қоплаб берамиз. Бу сўзимда тураман. Фақат бир илтимосим шу бўладики, ўғлимга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилиб берилса, қарор чиққан кундан тўловни бошлайман.

Суд жараёнларида ҳаммаси маълум бўлди, бу ерда ўтирганлар айбдор эмас. Бу ишнинг асосий айбдори 1,5 йилдан бери Дубайда дам олиб юрибди. Буни ҳаммамиз билдик”, дея таъкидлади Мунира Кариева.

Шунингдек у дастлабки тўловда жабрланган ота-оналарнинг ҳар бири 100 млн сўмдан олишини билдирди. Қолган сумма эса график асосида 3 йил давомида тўлаб берилади.

Судда кўрсатма берган жабрланувчилар ҳам Мунира Кариеванинг таклифини қўллаб-қувватлаб, Кариевни қамоқда ушлаб ўтиришдан маъно йўқлигини, суддан тезроқ илтимосномани қаноатлантириб, етказилган зарар тўлови бошланишига доир қарор чиқаришни сўради.

Аввалги суд мажлисида адвокатлар Мунира Кариеванинг илтимосномаси талабларига аниқлик киритганди. Унга кўра дастлабки тўлов сифатида 7,5 млрд сўм тўлов бирданига амалга оширилади. Сўнг 36 ой давомида дастлабки ойларда 1,8 млрд сўмдан, охирги ойларда эса 3 млрд 780 млн сўмдан тўлаш режалаштирилган. Шунда ҳар бир жабрланувчига биринчи ойда 100 млн сўмдан, 2-35 ойлар бўйича ҳар ойда 25 млн сўмдан ҳамда охирги ойда 50 млн сўмдан тўғри келади. Фақат бу учун Кариева ўғлига тайинланган 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгартирилиб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши лозимлигини илтимос қилган.

Эслатиб ўтамиз, “Док-1 Макс” йўтал сиропи Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Ҳиндистон Корпоратив ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, болалар ўлими содир бўлган пайтда Marion Biotech'нинг асосий улушдорлари Сачин Жаин ва унинг хотини Жая Жаин бўлган. Ушбу икки шахс Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилган бўлса-да, БАА пойтахти Абу-Дабида қўлга олиниб, кўп ўтмай қўйиб юборилган.

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маълум қилишича, июл ойининг охирги ҳафтасида Ҳиндистондан катта делегация келади ва “Док-1 Макс»” иши бўйича ҳамма саволларга жавоб беради.

Мавзуга оид