Ўзбекистон | 09:09 / 23.07.2024
5651
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондан «Док-1 Макс» иши бўйича делегация келяпти. Улар жавобсиз саволларга ойдинлик киритадими?

Ҳиндистон элчисининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ариф Саид Kun.uz билан суҳбатда июл ойи охирида Деҳлидан катта делегация келиб, «Док-1 Макс» иши бўйича тўлиқ маълумот берилишига ваъда берганди. Аммо 29-30 июл кунлари бўлиб ўтадиган тадбирда фақат бизнес учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, очиқ матбуот анжумани ва журналистлар саволларига жавоб бериш масаласи кун тартибида йўқ.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда кўплаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» препарати ишлаб чиқарувчисига Ҳиндистонда ҳам жиноят иши қўзғатилиб, бир қанча шахслар терговга тортилган. Аммо у ерда олиб борилаётган тергов ёки суд жараёни ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Kun.uz мазкур жиноят иши бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб, элчининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ариф Саид билан суҳбатлашганди.

Ариф Саид июл ойи охирида келадиган делегация ҳар бир жиҳатга алоҳида тўхталиб, тўлиқ маълумот беришини таъкидлаб ўтганди.

Маълум бўлишича, Ҳиндистон фармацевтика маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (Pharmexcil) 21-31 июл кунлари Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга делегация жўнатган. Хусусан, ушбу делегация 29-30 июл кунлари Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бизнес учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.

Ҳиндистон элчихонаси ваъда берган очиқ матбуот анжумани ва журналистлар саволларига жавоб бериш масаласи кун тартибида йўқ. Шу пайтга қадар Ҳиндистонда олиб борилаётган суд жараёни ҳақида ҳам сукут сақланиб келинмоқда.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид