Хоразм вилояти транспорт бошқармасига қарашли муассаса ходимларига 6 ойдан буён ойлик берилмаяпти
Масъуллар бир ой олдин берган изоҳида маошлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, июн ойи ичида тўлаб берилишини маълум қилган. Аммо ҳамон маошдан дарак йўқ. Расмий изоҳдан тушунилишича, муассаса учун республика ташкилотидан маблағ ажратилмаяпти.
Kun.uzʼга Хоразм вилояти транспорт бошқармаси Хоразм йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимлари номидан бир қанча мурожаат келиб тушди. Унга кўра, давлат муассасасининг жами 25 нафар ходими январ ойидан бери маошсиз ишлаб келмоқда.
“Мана, 6 ой бўлдики, ойлик ололмадик. Бу бўйича бир нечта жойга мурожаат қилдик. “Июнда тўлиқ ҳисоб-китоб қиламиз” деган жавобни олдик. Лекин ундан кейин фақат 2 ойлик маошингизни берамиз деб айтишди.
Июл ойи ҳам келдики, ойлик маошдан дарак йўқ. Бошлиқлардан ойлик маош сўрасак, жавоб бермайди”, – дейди мурожаат қилган ходимлардан бири.
Ҳолат юзасидан Хоразм вилояти транспорт бошқармаси 14 июн куни расмий муносабат билдирган. Қайд этилишича, Хоразм Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимлари ҳақиқатан ҳам 6 ойлик маошларини ҳанузгача олмаган.
Давлат муассасаси президентнинг 2023 йил 16 февралдаги тегишли қарори билан ташкил қилингани, шу йил 25 мартдаги яна бир қарор билан унинг функция ва вазифаларига ўзгартиришлар киритилиб, ташкилий тузилмаси 1 майдан қайта тасдиқлангани маълум қилинди.
“Бугунги кунда тасдиқланган штат жадвалига асосан Хоразм Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимларининг ойлик маошларини тўлаб бериш мақсадида Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда вилоят Молия бошқармаси билан амалий ишлар олиб борилиб, барча ҳисоб-китоблар Молия вазирлигига тақдим қилинган.
Жорий йил июн ойи якунига қадар барча ходимларга январ-май ойларидан бўлган ойлик маошидан қарздорлиги ҳамда июн ойи ойлик маоши бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилишини маълум қиламиз”, – дейилади расмий изоҳда.
Транспорт вазирлиги Kun.uz'га вазиятдан хабардор эканини, ҳозирда муаммони бартараф этиш учун ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Бунинг учун жавобгарлик бор
Меҳнат кодексининг 244-моддасига кўра, қонунчиликда ходимларга иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш кафолатланади.
Кодекснинг 253-моддасига кўра ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.
Кодекснинг 333-моддасига кўра иш берувчи иш ҳақини тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.
Мазкур пулли компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчининг ойлик иш ҳақини тўлашнинг кечиктирилишида айби бор-йўқлигидан қатъи назар юзага келади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра мансабдор шахс томонидан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, 3 млн 400 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
11:38 / 22.10.2024
Қирғизистон ўқитувчиларининг ўртача ойлиги салкам 4 млн сўмни ташкил этади
10:50 / 26.07.2024
3,3 млн сўмдан 14,4 млн сўмгача – ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи эълон қилинди
20:47 / 17.02.2024
Меҳнат миграцияси: диверсификация суръати каррасига ошиши керак
08:32 / 11.04.2023