Ўзбекистон | 20:47 / 17.02.2024
14219
5 дақиқада ўқилади

Меҳнат миграцияси: диверсификация суръати каррасига ошиши керак

Ўзбекистон четга меҳнат муҳожирларини йўллаш бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Асосий йўналиш – Россия, лекин у ердаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви ва мигрантлар учун талабларни қаттиқлаштириш ҳақидаги чақирувлар меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилишни тақозо этяпти.

Фото: Миграция агентлиги

Маош – ишлаш ва яшаш жойини танлашга таъсир қилувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Юқори ойлик нафақат муносиб турмуш тарзини таъминлайди, балки мамлакат тараққиёти даражасини ҳам кўрсатади. Умуман олганда, ҳаётда ҳамма яхши яшашга интилади. Меҳнатга яраша кўп маош олиш кўпчиликнинг орзуси. Бироқ баъзи давлатларда айни кўринишдаги меҳнат турлича баҳоланади. Хўш, дунё мамлакатларида ўртача маош қанчани ташкил қилади?

Ўртача ойлик даромад энг юқори бўлган мамлакатлар

Халқаро меҳнат бозорига оид маълумотларни тақдим этиб борувчи Zippia’га кўра, 2023 йилда глобал миқёсидаги ўртача маош йиллик 12 минг 235 долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 1950 йилда 3 минг 300 доллар бўлган ва ўтган давр мобайнида 270 фоизга ошган.

Ўртача ойлик иш ҳақи (солиқдан кейинги соф даромад) энг юқори бўлган 10 та давлат:

  • Швейцария – 6117 доллар;
  • Люксембург – 5318 доллар;
  • Сингапур – 5060 доллар;
  • АҚШ – 4232 доллар;
  • Исландия – 4120 доллар;
  • Қатар – 3937 доллар;
  • Дания – 3529 доллар;
  • БАА – 3502 доллар;
  • Австралия – 3493 доллар;
  • Нидерландия – 3488 доллар.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қанча?

Numbeo’нинг янгиланган маълумотлари бўйича ўртача ойлик «тоза» иш ҳақи бўйича мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон 94 мамлакат ичида 82-ўринни эгаллаган. Мамлакатда соф иш ҳақи 368 АҚШ долларини ташкил қилган.

Рейтингда Туркия 58-ўринни (627доллар), Қозоғистон 61-ўринни (592 доллар) ва Россия 64-ўринни (554 доллар) эгаллаган. Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон бўйича маълумотлар йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори 1 млн 50 минг сўмни ёки Марказий банкнинг расмий курси бўйича (16 феврал ҳолатига кўра) 84 долларни ташкил қилади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг якунида республика бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 4 млн 551 минг сўм ёки 364 доллар бўлган.

Меҳнат миграциясида географик диверсификация

Меҳнат мигрантлари юборган пуллар узоқ йиллардан бери Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим ўрин тутиб келади ва аҳоли турмуш харажатларининг сезиларли қисмини қоплайди. Хусусан, 2023 йилда мамлакатга 11,4 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 12,5 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил этади.

Шу пайтга қадар ўзбек мигрантлари энг кўп йўл олувчи давлатлар учлиги қуйидагича шаклланиб келган: Россия, Қозоғистон, Туркия. Умуман олганда эса ўзбек мигрантларининг катта қисми Россияга бориб ишлайди. Аммо қуйидаги қатор сабаблар истиқболда ушбу мамлакатга бориб ишловчилар сонининг камайишига таъсир қилиши мумкин:

  • Россия қонунчилигига мигрантлар учун қаттиқ талабларнинг киритилаётгани, айниқса, Марказий Осиё давлатлари муҳожирларидан ҳаддан ташқари кўп ҳужжатлар талаб қилиш бўйича янграётган чақириқлар;
  • Украинадаги босқинчилик уруши фонида Россия иқтисодиёти мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Санкциялар ва иш ўринларининг қисқариши ортидан ушбу мамлакатда ишлаш мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам Россия даражасида маош бера бошлаган ташкилотлар сони кўпайяпти;
  • Россияда мигрантлар ҳуқуқларининг таъминланганлик даражаси анча паст. Шунингдек, уларни урушга жўнатиш бўйича олиб борилаётган тарғибот ва амалий ҳаракатлар кўлами ошиб бормоқда. Бу эса меҳнат муҳожирлари учун ўлим хавфини яратади.

Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, ҳукумат меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, охири ойларда бу борада бир қатор самарали ишлар олиб борилди:

  • Жанубий Корея ўзбекистонликлар учун 37 минг бўш иш ўрни (ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш соҳаларида) таклиф қилди. Маошлар – ўртача 2-2,5 минг доллар;
  • Германия 50 минг нафаргача иш ўрни таклиф қилган. Маошлар – 1-2 минг евродан бошланади;
  • Буюк Британияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига таклиф қилинмоқда. Иш ҳақи соатига 10,42 фунтдан бошланади;
  • Бандлик вазири Беҳзод Мусаев Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Алам Хемсон билан ўзбекистонликларни Канада меҳнат бозорига жалб қилиш бўйича музокара ўтказди;
  • Саудияда Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб этиш масаласи муҳокама қилинган;
  • Ўзбекистонликлар Японияга қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида ишга таклиф этилади. Қурилиш соҳасида ойлик маош 1500 доллардан, ишлаб чиқариш соҳасида 1100 доллардан бошланади;
  • Болгариянинг Ўзбекистондаги муваққат ишлари вакили С.Русинова билан Ўзбекистон фуқароларини Болгарияга ишга жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, меҳнат мигрантларидан таъсир ўтказиш ва таҳдид қилиш воситаси сифатида фойдаланаётган айрим давлатларга қарамликни камайтириш учун ҳам меҳнат миграцияси йўналишларини диверсификация қилиш ҳам сиёсий томондан, ҳам иқтисодий томондан муҳим аҳамият касб этади. Бу ишлар ҳукумат даражасида давом эттирилиши ва тўхтаб қолмаслиги зарур.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид