Қозоғистоннинг хатти-ҳаракатлари жаҳонда нефт нархи тушишига олиб келиши мумкин
Ўтган ҳафтада жаҳондаги нефт нархлари баррелига 87 долларга етди. Нефт пуллари ҳисобига кун кўрадиган мамлакатлар учун бу яхши янгилик, аммо хорижий таҳлилчилар хурсанд бўлиш учун эртароқ эканидан огоҳлантиришмоқда. Нефт нархлари яна тушиши мумкин ва бунга сабаблардан бири Қозоғистоннинг хатти-ҳаракатлари бўлади.
Business Insider нашрининг ёзишича, OPEC+ давлатлари томонидан нефт ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда ва камида уч давлат, жумладан, Қозоғистон ҳам қазиб олиш бўйича квоталарга амал қилмаяпти. Нархларнинг ўсиши талаб ошгани туфайли юз берган, бироқ нефт қазиб олиш ҳажмининг ошиши барқарор нархларни савол остида қолдиради. Қозоғистондан ташқари нефт бозорини «тўйинтираётган» бош қоидабузарлар Ироқ ва Россиядир.
«OPEC қоидабузарларга 2025 йилнинг сентябригача сўнгги ойларда ортиқчи ишлаб чиқарилган нефтни компенсация қилиш учун муддат берган. Бироқ, компенсация у ёқда турсин, Ироқ ва Қозоғистон ўзлари учун белгиланган квоталарга мувофиқ равишда қазиб олишни пасайтирганининг бирор аломати кўзга ташланмаяпти», — дея қайд этади OilPrice.com шарҳловчиси Цветана Параскова.
Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг OPEC+ квоталарига мос равишда нефт қазиб олишни сусайтиришни эплолмаётгани ёки истамаётгани бозорга «айиқчасига» сигнал бериши мумкин. Жўнроқ қилиб айтганда, углеводородларнинг нархи ортиқча ишлаб чиқариш туфайли яна пастга қараб шўнғиши мумкин. OPEC+ квоталари эса нефт нархини энг фойдали даражада ушлаб туриш учун ўйлаб топилган.
«2020-2021 йилларда Ироқ ва Қозоғистон квотада кўзда тутилганидан ортиқ нефт қазиб олишган ва ортиқча ишлаб чиқаришни компенсация қилиш бўйича вазифани барбод қилишган эди», деб эслатади Business Insider.
Бу йил ҳам Қозоғистон аллақачон ўз квотасидан ошиб кетган — суткасига 389 минг баррел. Таҳлилчиларнинг баҳолашларига кўра, ҳозирча мамлакат нефт қазиб олишни камайтириш бўйича чоралар кўрмаган. Гарчи нефт нархининг қулашига олиб келувчи асосий муаммо Ироқ томонидан улкан ҳажмда ортиқча нефт қазиб олинаётгани бўлса ҳам, Қозоғистон ҳам ўз хатти-ҳаракатлари оқибатларини ўйлаб кўриши керак бўлади.
Июн ойида Қозоғистон яна битимларда кўзда тутилганидан ортиқ нефт қазиб олган, гарчи мамлакат бунгача ишлаб чиқаришни қисқартиришга ваъда берган бўлса-да.
Мавзуга оид
20:50 / 11.10.2024
Қозоғистон фонд биржаси Москва биржаси билан барча алоқаларни узди
15:10 / 11.10.2024
Қозоғистонда қидирувдаги ўзбекистонлик ушланди
21:41 / 09.10.2024
Сўнгги 5 йил ичида илк бор Шимолий Оролга сув қуйиш режаси бажарилди
20:43 / 09.10.2024