Ўзбекистон | 10:54 / 08.07.2024
6373
2 дақиқада ўқилади

“Тезлик 60 жойда 100 ҳаракатланганлар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак” - Депутат

Фото: ЎзЛиДеП

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шаҳноза Холмахаматова тезликни оширганлик учун қатъий чоралар кўриш зарурлигини айтди.

Депутатга кўра, қонунчиликда белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан кўп катталикда ошириб юрганлик учун ҳеч қандай иккиланишсиз транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиш керак.

Бундай чораларни ишга туширишдан мақсад шу кунларда катта тезликда ҳаракатланиб, буни ўз ижтимоий саҳифаларида жойлаштираётганлар кўпайгани ва бу бошқаларни ҳам қоидабузарликларга жалб қилаётганида деб таъкидлаган. Бу эса фожиали ҳалокатларга, бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

“Бу каби ҳалокатларда қурбонлар орасида ёш болаларнинг борлиги ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда биргина 2023 йилнинг ўзида 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Ушбу ҳолатлар асосан катта тезликда ҳаракатланиш, йўл қоидасига амал қилмаслик оқибатида содир этилган.

 Бу каби нохуш хатти-ҳаракатларнинг олдини олиб, унга нисбатан қатъий чоралар кўриш зарур деб ҳисоблайман.

Шу сабабли қонунчилигимизда белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан кўп катталикда ошириб юрганлик учун ҳеч қандай иккиланишсиз транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиш таклифини билдираман.

Яъни шаҳар ичида тезлик 60 этиб белгиланган бўлса, 100 тезликда юрадиган “шоввоз” ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши шарт” деб ёзади Холмахаматова.

Мавзуга оид