Спорт | 09:57 / 10.07.2024
39475
8 дақиқада ўқилади

Ямал Пеледан ўзди, Мбаппе финалсиз қолди

Ўйиндан кейин стюард Моратани тепиб йиқитди.

Фото: Getty Images

Евро-2024. Яримфинал

Испания — Франция 2:1
Голлар: Ямал (21), Олмо (25) — Коло-Муани (9).
Испания – Симон, Навас (Вивиан, 58), Начо, Лапорт, Кукуреля, Руис, Родри, Олмо (Мерино, 76), Уилямс (Субименди, 90+4), Ямал (Ферран Торрес, 90+4), Мората (Ойарсабал, 76).
Франция – Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Канте (Гризманн, 62), Рабио (Камавинга, 62), Чуамени, Дембеле (Жиру, 79), Мбаппе, Коло-Муани (Барколя, 63).
Огоҳлантиришлар: Навас (14), Чуамени (60), Камавинга (89), Ямал (90+1).

9 июл, сешанба оқшомида Евро-2024 турнирида Испания — Франция жамоалари ўртасида илк яримфинал учрашуви бўлиб ўтди.

Бу шунчаки финалга ўтиш баҳси эмас, ғоялар қарама-қаршилиги эди. Испания миллий жамоаси фаворитлар орасидаги энг ёрқин ўйин кўрсатаётган жамоа бўлмоқда, Луис де ла Фуэнте шогирдлари турнирдаги ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун ўйнамоқда. Французлар эса турнирларга хос услуб танлаган ва керакли вақтда куч тежаб ҳаракат қилди, аммо бу кўпроқ антифутболга айланиб кетди. «Учранглилар» умуман ўйиндан гол урмасдан, автогол ва пеналтилар ёрдамида чемпион бўлмоқчидек кўрина бошлаганди. 

Испания олдинги босқичда Германия устидан қозонилган ғалабага қурбонликлар эвазига эришганди: Педри жароҳат олди ва бир неча ҳафтага сафдан чиқди, Карваҳал ва Ле Норман дисквалификация туфайли яримфиналда ёрдам бера олмайдиган бўлди. Натижада майдон марказида Педри ўрнига илк дақиқалардан олдинги ўйин қаҳрамони Олмо ҳаракат қилди, ҳимоя марказига Ле Норман ўрнига — Начо, ўнг қанотга Карваҳал ўрнига — Навас жойлаштирилди. Ва бу испаниялик мухлисларда хавотир уйғотганди: 38 ёшли фахрий футболчи Мбаппенинг реактив тезлигига дош беролмади? Дешам эса бу сафар ҳам Гризманни стартда туширмади ва кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Французлар 2014 йилги мундиалдан буён илк бор катта турнир плей-оффида Антуансиз ўйинни бошлади. Дешам Гризманнинг ижодкорлигидан кўра Дембеле ва Коло Муанининг тезлигига таянишни афзал кўрди.

Французлар тезкор гол уришди. Ниқобини ечиб чиққан Мбаппе чап қанотдан ёриб кириб, узоқ устун томондаги Коло Муанини голли пас билан таъминлади. Французлар Еврода ўйиндан урилган илк голини нишонлашди. Навас учун эса ўйин даҳшатли бошланди — Килиан айнан ундан ўтиб кетиб, тўпни шеригининг бошига етказиб берганди, бир неча дақиқа ўтиб эса майдондаги энг тажрибали футболчи сариқ карточка олди.

Майдондаги энг ёш футболчида эса — барчаси жойида эди. Ўйин французлар сценарийси бўйича кетаётгандек эди: улар тўпни рақибга топширишди ва имкон туғилиши биланоқ қарши ҳужумларга ўтишди. Аммо кутилмаган паллада Ямал катта саҳнага чиқди ва 25 метр масофадан туриб тўпни айлантириб, узоқ бурчакка жойлади. Турнирнинг энг чиройли голлари рўйхати янгиланди. Шу кунларда Германияда туриб имтиҳонни топширган ва мактабни тамомлаган Ламин 16 ёш 362 кунлигида Евро тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди.

Бунгача бу ютуққа швейцариялик Йоҳан Фонлантен эгалик қиларди, у ҳам 2004 йилда 18 ёшу 141 кунлигида Франция дарвозасини ишғол этганди.

Бундан ташқари, Opta эътибор қаратишича, испаниялик ўсмир Пелени ортда қолдирган ҳолда, Евро ва ЖЧ чемпионатлари тарихидаги энг ёш гол муаллифи бўлиб олди. Буюк бразилиялик 1958 йилда 17 ёшу 239 кунлигида жаҳон чемпионатида гол урган. 

Қўшимчасига, Ямал сешанба оқшомида Евро яримфиналларида ўйнаган энг ёш футболчи бўлиб улгурган, гуруҳ босқичининг 1-турида эса Хорватияга қарши ўйинда голли пас берган энг ёш футболчига айланганди.

Испаниялик мухлислар унинг голини нишонлашда давом этаётган чоғда испанлар ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди. Бу сафар барчасини Олмонинг ўзи бажарди: у жарима майдони ичида тўпга икки бор тегинишда Тшуаменини ортда қолдириб, Менянни ожиз қолдирди. Кунде дарвозабонга ёрдам беришга ҳаракат қилди, аммо тўп унинг оёғидан барибир дарвоза тўрига бориб тушди. Испанлар тез ўтказиб юборилган голга унданда тезкор голлар билан жавоб қайтаришди.

Бу Еврода французлар ҳеч бир ўйинда ҳисобда ортда бормаганди ва майдондаги футболчилар қандай йўл тутишни билмай қолишди. Испанлар уларга тўпни топширди ва позицион ҳужумларда рақибдан кўра кучлироқ эканини намойиш этишди. Бўлимнинг қолган қисмида французлар ҳеч нарса ярата олишмади.

Танаффусдан кейин вазият сезиларли даражада ўзгармади. Испанлар мудофаага ётиб олишмади ва ўз футболини ўйнашда давом этди. Танаффусдан 15 дақиқа ўтиб Дешам учталик алмаштириш қилиб, Гризманн, Баркол ва Камавингани майдонга ташлади.

Вақт ўтган сайин французлар асабийлаша бошлади ва мухлислар учун томошабоп ўйин намойиш эта олишмади. Ўйин якунига 10 дақиқа қолганида французларнинг сўнгги умиди сифатида Жиру майдонга ташланди — аммо сўнгги дақиқаларда кутилган штурм ҳам рўй бермади. Французлар умуман турнирни тарк этишдан қайғураётган жамоага ўхшамасди. Мбаппе яккама-якка вазиятга чиқиб борди, аммо жуда ноаниқ зарба йўллади. У бу турнирни росманасига муваффақиятсиз ўтказди. Гризманн ҳам жамоа ўйинини кучайтира олмади — у ҳам мухлислар ишончини оқламади. Франция мағлубиятини жимгина қабул қилди.

Французлар бош мураббийи матбуот анжуманларидан бирида жамоасининг зерикарли ўйини ҳақида савол берган журналистга «бошқа жамоаларнинг ўйинини томоша қилиш»ни тавсия этганди. У айнан Испанияни назарда тутган бўлса ажаб эмас, бу жамоа ҳар бир ўйинда ўз услубига содиқ қолмоқда ва натижага ҳам эришмоқда. Энди Испания 14 июл кунги финалда Англия — Нидерландия жуфтлиги ғолиби билан ўйнайди. 

Моратанинг антиқа ҳолатдаги жароҳати

Ўйиндан кейин испаниялик футболчилар ғалабани трибуна қаршисига бориб нишонлашди. Шу вақтда майдонга Туркия миллий жамоаси либосидаги мухлис югуриб чиқди.

Стюардлар уни тутиб олиш учун ташланишди ва улардан бири тойиб кетиб, Моратани йиқитди.

Форвард аввалига стюардга ғазаб билан қаради, кейин эса оғриқдан юзини бужмайтирди. Сўнг оқсоқланганча қўрқиб кетган жамоадошлари томон йўл олди.

Стюард дарҳол футболчидан узр сўради. Мората эса майдонни тарк этаётганида энди у қадар қаттиқ оқсоқланмаётганди.

Испан нашрлари Мората жароҳат олган бўлиши мумкинлигини истисно этишмаяпти. Marca нашри ёзишича, миллий жамоа тиббий штаби Алварони текширган, аммо унинг ҳолати ҳақида аниқ жавоб бермаган. Бош мураббий эса бу ҳодиса юзасидан тўхталиб ўтди:

«Умид қиламизки, барчаси яхши. Аммо эртагача кутиш керак. Бу кучли зарба эди. Мората — барчага намуна бўладиган, бизда бўлиши мумкин бўлган энг яхши сардор. У жуда тиришқоқ ва фойда келтирувчи футболчи. Унинг аҳамиятини инкор этиб бўлмайди ва у бизга майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам керак. Қўшимчасига, Алваро — ажойиб инсон. У испан футболи тарихига киради ва уни биз билан ҳали кўп турнирлар кутиб турибди».

Эътиборли жиҳати, Германия билан ўйиндан кейин ОАВ Мората дисквалификация туфайли Франция билан ўйинда қатнаша олмаслиги ҳақида ёзганди. Гўёки Алваро захира ўриндиғида эканида сариқ карточка олгани айтилганди. Аммо бу нотўғри маълумот бўлиб чиқди. Энди Испания миллий жамоаси мухлислари яна Моратанинг навбатдаги ўйинда тушиш-тушмаслиги борасида ташвишланишига тўғри келмоқда.

Мавзуга оид